Пайшанба, 2026-йил 10-Сентябр USD 11797.92 сўм EUR 13739.86 сўм RUB 138.00 сўм
⚙ Махсус имкониятлар
Ранг схемаси
Шрифт ўлчами
Тезкор

Таҳририят тарихи

«Постда», «На посту» газеталари ва «Қалқон», «Щит» журналлари бирлашган таҳририяти

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан «Постда» ва «На посту» газеталарини қайта тиклашга қарор қилингач, 1991-йил 1-январда икки тилда алоҳида чоп этилган нашрларнинг илк сони ички ишлар органлари ходимлари ва кенг жамоатчиликка етиб борди. Айниқса, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ИИВ нашрларида ички ишлар органларининг моддий-техник жиҳатдан таъминланиши, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни тўлақонли ёритиш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.

Дастлаб тўрт саҳифадан иборат бўлган газеталарни ҳафтада уч марта чиқариш йўлга қўйилди. Таҳририят моддий-техника базаси мустаҳкамлангач, саҳифалар сони саккизтага етказилди, кейинчалик эса 16 саҳифада чоп этила бошланди.

1998-йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан «Постда» ва «На посту» газеталари таҳририяти негизида республика ИИВ Бирлашган таҳририяти ташкил этилди. Ўша йили сентабр ойида «Қалқон» ва «Щит» журналларини чоп этиш йўлга қўйилди.

Газеталарнинг ташқи саҳифалари, журналлар эса тўла ҳажмда рангли чоп этила бошланди. Газета ва журналларда берилаётган материалларнинг савияси яхшиланди, мундарижаси кенгайтирилди, мақолаларнинг ҳар бир нашр учун алоҳида-алоҳида, айнан бир-бирини такрорламайдиган қилиб тайёрланишига эътибор кучайтирилди, дизайни замон талабларига жавоб берадиган даражага келтирилди.

«Қалқон» ва «Щит» журналларида ички ишлар идоралари ходимларининг машаққатли хизмати, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлилий ёритиш, хорижий давлатлар ички ишлар идоралари тизимлари фаолиятига бағишланган материаллар, суд очерклари, бадиий иқтидорга эга ички ишлар органлари ходимларининг ижодидан намуналар чоп этиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

Таҳририят жамоаси томонидан бир қатор китоблар ҳам нашр этилган. «ИИВ Бирлашган таҳририяти кутубхонаси» туркумида газета ва журналларда чоп этилган қиссалар, ҳикоялар, суд очерклари ва қатралардан иборат «Қопқон», «Бузғун» тўпламлари, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар идоралари ходимларига бағишланган «Қаҳрамонлар мангу яшайди» тўплами, рус тилида босмадан чиққан икки жилдлик сара хорижий детективлар шулар жумласидандир.

Айни дамда «Постда» ва «На посту» газеталарининг умумий адади қарийб 70 мингтадан, «Қалқон» ва «Щит» журналларининг умумий адади эса 20 мингтадан ошди.

Газета-журналлардаги ўзгаришлар муштарийларга маъқул бўлмоқда. Таҳририят ижодий жамоаси, тажрибали журналист ва ходимлар ўз олдиларига қўйилган вазифаларни бажариш учун бор билим ва тажрибаларини ишга солишмоқда. ИИВ нашрлари бундан-да сифатли ва мазмундор бўлишига эришиш мақсадида бор куч ва имкониятларини сафарбар этган ҳолда фаолият юритишаяпти.