Бир қарашда ахборот имкониятлар эшигини очадиган куч сифатида намоён бўлади. Бироқ ахборотнинг ҳажми ортиб боргани сари унинг таркибидаги ишончсиз, сохта, манипулятив ва зарарли маълумотлар ҳам кўпаймоқда. Шу сабабли замонавий жамият олдида икки муҳим вазифа туради. Биринчиси – ахборот ва рақамли тизимларни ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш. Иккинчиси эса инсонни ёлғон, манипулятив ва зарарли ахборот таъсиридан асраш. Биринчи вазифа ахборот хавфсизлиги тушунчаси билан боғлиқ бўлса, иккинчиси медиасаводхонлик орқали амалга оширилади.

Ахборот хавфсизлиги ва медиасаводхонлик бир-биридан ажралган икки алоҳида йўналиш эмас. Улар ўзаро боғланган ва бир-бирини тўлдирувчи ҳимоя механизмларидир. Техник воситалар компютер, телефон ёки маълумотлар базасини ҳимоя қилиши мумкин. Аммо инсон онгини, унинг қарашлари ва қарорларини фақат билим, танқидий фикрлаш ва ахборотни тўғри баҳолаш кўникмалари орқали ҳимоя қила олади.


Ахборот майдонидаги янги таҳдидлар

Рақамли технологияларнинг ривожланиши ахборот алмашинувини тезлаштирди. Илгари маълум бир хабарни кенг аудиторияга етказиш учун газета, радио ёки телевидение каби оммавий ахборот воситалари зарур эди. Бугун эса смартфон ва интернетга эга ҳар қандай шахс бир неча сония ичида минглаб, ҳатто миллионлаб одамларга ахборот тарқатиши мумкин. Бу демократик мулоқот, фуқаролик фаоллиги ва эркин ахборот алмашинуви учун катта имкониятдир. Бироқ айни пайтда назорациз, текширилмаган ва зарарли контентнинг оммавий тарқалиши учун ҳам шароит яратади.

Бугун ахборот майдонида учрайдиган асосий таҳдидлардан бири – фейк хабарлардир. Фейк хабар ҳақиқатга мос келмайдиган, атайлаб ёки билмасдан тарқатиладиган ахборотдир. Баъзан бундай хабар мутлақо тўқиб чиқарилади. Айрим ҳолатларда ҳақиқий воқеанинг маълум қисми олиниб, унга нотўғри маъно берилади. Шу тариқа хабар ташқи кўринишидан ишончли бўлиб кўринади, аммо унинг мазмуни аудиторияни чалғитишга хизмат қилади.

Ахборот майдонидаги яна бир таҳдид – манипуляциядир. Манипуляцияда ахборот тўлиқ ёлғон бўлмаслиги мумкин. Аммо фактлар атайлаб танлаб берилади, муайян маълумотлар яширилади, воқеа бир томонлама талқин қилинади. Натижада аудиторияга маълум бир хулоса мажбуран сингдирилади. Масалан, муайян ҳодиса ҳақида фақат салбий маълумотлар берилиб, ижобий ёки муқобил нуқтайи назарлар тилга олинмаслиги мумкин. Ёки статистик рақамлар умумий шароитдан узиб олиниб, вазиятни аслидан оғир ёки енгил кўрсатиш учун ишлатилади. Бундай ёндашув ахборотни сохталаштиришдан кўра мураккаброқ, чунки унда ҳақиқий фактлар ҳам мавжуд бўлади.

Бундан ташқари, киберфирибгарлик, фишинг, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сохта веб-сайтлар, қалбаки инвестиция лойиҳалари ва телефон орқали алдаш ҳолатлари ҳам ахборот хавфсизлигининг долзарб муаммоларидандир. Жиноятчилар кўпинча фойдаланувчининг ишонувчанлиги, шошқалоқлиги ёки рақамли билимлари етарли эмаслигидан фойдаланади. Демак, ахборот хавфсизлигига таҳдид фақат техник қурилмадан келмайди. Кўп ҳолларда энг заиф бўғин инсоннинг ўзи бўлади.


Медиасаводхонлик нима?

Медиасаводхонлик – инсоннинг оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар орқали тарқатилаётган ахборотни топиш, тушуниш, таҳлил қилиш, баҳолаш, яратиш ва масъулият билан тарқатиш қобилиятидир.

Бу фақат газета ўқиш ёки интернетдан фойдаланишни билганликни англатмайди, ахборотнинг ким томонидан, қандай мақсадда, қайси воситалар орқали ва ким учун тайёрланганини англашни ҳам талаб қилади. Медиасаводхон инсон хабар мазмуни билан бирга унинг шаклига ҳам эътибор беради. Сарлавҳа қай даражада холис? Сурат воқеага тегишлими? Муаллиф ким? Манба кўрсатилганми? Бошқа ишончли нашрлар ҳам шу воқеа ҳақида хабар берганми? Матнда факт ва шахсий фикр қай даражада ажратилган? Бу каби саволлар ахборотни тўғри баҳолашга ёрдам беради.

Медиасаводхонликнинг асосида танқидий фикрлаш ётади. Танқидий фикрлаш ҳар бир ахборотни инкор қилиш ёки ҳаммага шубҳа билан қараш дегани эмас. У далилларни текшириш, турли нуқтайи назарларни солиштириш, мантиқий боғланишларни кўриш ва мустақил хулоса чиқариш қобилиятидир. Медиасаводхон инсон ахборотни ҳиссиёт асосида эмас, далилларга таяниб баҳолайди. У ёқимли фикрни ҳақиқат деб, ёқимсиз маълумотни ёлғон деб қабул қилмайди. Аксинча, ўз қарашларига мос келмайдиган ахборотни ҳам ўрганишга тайёр бўлади.


Ёшлар ва болаларнинг ахборот хавфсизлиги

Ёшлар рақамли технологиялардан энг фаол фойдаланувчи қатлам ҳисобланади. Улар ижтимоий тармоқлар, видеоплатформалар ва мессенжерларда кўп вақт ўтказади. Бу муҳит уларнинг дунёқараши, қадриятлари, тил маданияти ва хулқ-атворига кучли таъсир кўрсатади.

Болалар ва ўсмирлар ҳар доим ҳам реклама, кўнгилочар контент, блогер фикри ва ҳаққоний ахборот ўртасидаги фарқни англай олмайди. Айрим блогерлар маҳсулот ёки хизматни реклама қилган ҳолда уни шахсий тавсия сифатида кўрсатиши мумкин. Ёш аудитория эса бундай яширин рекламани ҳаққоний фикр деб қабул қилади. Шунингдек, зўравонликни оддийлаштирувчи, хавфли хатти-ҳаракатларни тарғиб қилувчи, инсон қадр-қимматини камситувчи ёки ёлғон муваффақият тасаввурини яратадиган контент ҳам болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ота-оналарнинг вазифаси болани интернетдан бутунлай узиб қўйиш эмас. Бундай ёндашув замонавий шароитда самара бермайди. Аксинча, болага ахборотни тўғри танлаш, хавфли контентни англаш, шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик ва нотаниш инсонлар билан эҳтиёткор мулоқот қилишни ўргатиш лозим.

Мактабларда ҳам медиасаводхонликни алоҳида мавзулар доирасида эмас, турли фанларга интеграция қилиш мақсадга мувофиқ. Масалан, тарих дарсида манбаларни солиштириш, она тили дарсида матндаги манипулятив ибораларни таҳлил қилиш, информатика дарсида шахсий маълумотлар хавфсизлигини ўргатиш мумкин.


аниқлик ва ишончлилик биринчи ўринда

Профессионал журналистика ахборот хавфсизлигини таъминлашда муҳим институт ҳисобланади. Журналистнинг вазифаси фақат воқеа ҳақида хабар бериш эмас, балки уни текшириш, манбаларни солиштириш, турли томонларнинг позициясини ўрганиш ва жамоатчиликка холис ахборот тақдим этишдан иборат.

Ижтимоий тармоқларда тезкорлик асосий устунликка айланган бўлса-да, журналистика учун аниқлик ва ишончлилик биринчи ўринда туриши керак. Нотўғри хабарни биринчи бўлиб беришдан кўра, тўғри ва тасдиқланган ахборотни бироз кейинроқ эълон қилиш жамоатчилик манфаатига кўпроқ хизмат қилади. Таҳририятларда фактчекинг амалиётини кучайтириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ички қоидалар ишлаб чиқиш ва ходимларнинг рақамли кўникмаларини мунтазам ошириб бориш зарур.

Журналист манбадан олинган ахборотни тайёр ҳолда қабул қилмаслиги, унинг манфаатлари ва ишончлилик даражасини баҳолаши лозим. Аноним манбалар, ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган постлар ва тарқалиш тезлиги юқори бўлган шов-шувли хабарларга алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндашиш талаб этилади. Профессионал оммавий ахборот воситалари жамиятда ишончли ахборот майдонини шакллантириш, фейкларни рад этиш ва аҳолига мураккаб жараёнларни содда ҳамда холис тушунтириш орқали ахборот барқарорлигига ҳисса қўшади.


умумий масъулият

Медиасаводхонликни ривожлантириш бир марта ўтказиладиган тренинг ёки қисқа ахборот кампанияси билан чекланмаслиги керак. Бу узоқ муддатли, тизимли ва барча аҳоли қатламларини қамраб олувчи жараён бўлиши зарур.

Мактаб ва олий таълим муассасаларида танқидий фикрлаш, рақамли этика, фактчекинг ва ахборот хавфсизлиги кўникмаларини ўргатиш муҳим. Ўқитувчиларнинг ўзи ҳам замонавий ахборот муҳитини тушуниши ва ўқувчиларга амалий мисоллар асосида билим бериши лозим.

Кутубхоналар ҳам медиасаводхонлик марказларига айланиши мумкин. Замонавий кутубхоначи фақат китоб топиб берувчи мутахассис эмас, балки ишончли ахборот манбаларини тавсия этувчи ва фойдаланувчига ахборотни баҳолашда ёрдам берувчи маслаҳатчи бўлиши керак.

Маҳалла, нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фаол блогерлар ҳам аҳоли ўртасида медиасаводхонлик маданиятини шакллантиришга ҳисса қўшиши мумкин. Айниқса, содда тилда тайёрланган қўлланмалар, қисқа видеолар ва ҳаётий мисолларга асосланган тушунтириш материаллари самарали ҳисобланади.

Ахборот хавфсизлиги замонавий жамиятнинг барқарор ривожланиши учун зарур бўлган асосий шартлардан биридир. У фақат компютер тизимлари, серверлар ёки махфий маълумотларни ҳимоя қилиш билан чекланмайди. Ахборот хавфсизлиги инсон онги, жамоатчилик ишончи, ижтимоий тотувлик ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишни ҳам қамраб олади.

Медиасаводхонлик эса мазкур хавфсизликнинг инсон омили билан боғлиқ энг муҳим қисми ҳисобланади. Чунки фейк, манипуляция ва ахборот фирибгарлигига қарши курашда фақат техник воситалар етарли эмас. Инсон ахборотни мустақил таҳлил қилиш, манбани текшириш, факт билан фикрни фарқлаш ва масъулият билан ахборот тарқатиш қобилиятига эга бўлиши керак.

Рақамли даврда ҳар бир фуқаро нафақат ахборот истеъмолчиси, балки унинг тарқатувчиси ҳамдир. Бир марта текширилмай улашилган хабар кўплаб инсонларни чалғитиши мумкин. Бир марта эҳтиёткорлик билан амалга оширилган текширув эса катта муаммонинг олдини олиши мумкин. Шу боис ахборот хавфсизлиги давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки ахборот технологиялари мутахассисларининг ўзигагина тегишли вазифа эмас. Бу — оила, мактаб, олий таълим, журналистика, жамоат ташкилотлари ва ҳар бир фуқаронинг умумий масъулиятидир.


Беруний АЛИМОВ,

Ўзджту Медиа ва коммуникациялар илмий тадқиқот институти директори, 

филология фанлари доктори, 

профессор.