Маънавий-ахлоқий мезонлар: Ота-она олдидаги фарзандлик бурчи, ёши улуғ инсонларга кўрсатила­диган ҳурмат-иззат, шунингдек, халқимизга хос меҳмондўстлик ва бағрикенглик туйғулари.

Тил ва тарихий хотира: Миллат руҳи саналмиш она тилимиз ҳамда улуғ аждодларимизнинг шонли хотирасига нисбатан юксак эҳтиром.

Урф-одат ва анъаналар: Асрлар давомида вақт синовидан муваффақиятли ўтган одатларимиз, бетакрор санъатимиз ва умуммиллий байрамларимиз.

Моддий ва номоддий миллий мерос: Тарихий обидаларимиз, нодир ҳунармандчилик дурдоналари, ўзига хос миллий либосларимиз.

Ушбу миллий қадриятларимиз ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришнинг энг таъсирчан воситаси бўлиш билан бирга, тараққиётни таъминловчи мустаҳкам пойдевор вазифасини ҳам ўтайди.


Оила ва тарбия мактаби

Донишманд халқимиз асрлар мобайнида оиланинг муқаддаслиги, ота-онага эҳтиром, катталарга ҳурмат ва кичикларга нисбатан меҳр-шафқат тамойилларига таянган ҳолда ўзининг ноёб тарбия мактабини яратишга муваффақ бўлган.

Оила – жамият барқарорлигининг асосий кафолати. Бугунги кунда кўплаб Ғарб давлатларида оила инс­титутининг емирилиши, ёши улуғ инсонларнинг қаровсиз ва ёлғиз қолиб кетиши сингари оғир ижтимоий инқирозлар кузатилмоқда. Бизнинг жамиятимизда эса ота-онанинг оқ фотиҳасини олиш, нуронийларимизни бошимизга тож қилиш шунчаки бурч эмас, балки қон-қонимизга сингиб кетган ҳаёт тарзимиз саналади. 

Энг муҳими, ушбу қадриятларимиз ҳозирги шиддатли даврда мутлақо янгича кўринишда намоён бўлмоқда. Илғор ўзбек ёшлари нуфузли хорижий олийгоҳларда таҳсил олаётган ёки глобал ИТ лойиҳаларни бошқараётган бўлса-да, оилавий масъулиятини унутганлари йўқ. Эндиликда ота-онага кўрсатиладиган эҳтиром – уларни рақамли технологиялар олами билан ошно қилиш, саломатлигини илғор тиббиёт ютуқлари ёрдамида асраб-авайлаш ҳамда улар учун энг муносиб ва қулай турмуш шароитларини яратиб бериш каби амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топмоқ­да. Ёхуд замонавий коворкинг марказида халқаро даражадаги стартап лойиҳаси устида ишлаётган йигитнинг ўз маҳалласидаги умум­халқ ҳашарида фаол иштирок этиши ёки ота-она­сининг хизматига камарбаста бўлиши – миллий ватанпарварлик туйғусининг энг гўзал инъикосидир.


Аждодларимиз фалсафаси ва «яшил» экология

Бизнинг сувга, яъни тириклик манбайи бўлмиш оби ҳаётга муно­сабатимиз тарихдан жуда теран фалсафий ва диний илдизлар билан боғланган. Ота-боболаримизнинг «Сувга тупурма», «Сув оқаётган ариқни тоза сақла» қабилидаги ўгитлари фарзандларимиз онгига уларнинг гўдак­лик чоғиданоқ қуйилган. Булар шунчаки тартиб-қоидалар йиғиндиси эмас, балки атроф-муҳит ва табиат билан ўзаро уйғунликда 

яшаш­нинг ўзига хос миллий экологик кодекси вазифасини ўтаган. 

Ҳозирги кунда ушбу миллий анъанамиз давлат сиёсати даражасига кўтарилган «яшил иқтисодиёт» консепсияси, сувни томчилатиб суғоришнинг илғор технологиялари ва сув сарфини электрон назорат қилувчи «Смарт wатер» (Ақлли сув) тизимлари орқали янада бойитилмоқ­ да. Бошқача айтганда, она табиатга бўлган азалий ҳурматимиз эндиликда энг сўнгги замонавий муҳандислик ечимлари ва инноват­сион технологиялар билан мустаҳкамланмоқда.


Қадим анъаналардан рақамли платформалар сари

Халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик, аҳил маҳалладошлик ҳамда ўзаро меҳр-оқибат каби олижаноб фазилатлар айнан маҳалла институти орқали сақланиб ва яшаб келмоқда. Бугунги ривожланиш босқичида мазкур тизим тубдан модернизация қилиниб, янгича қиёфа касб этди. 

Яқин ўтмишда маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари ёрдамга муҳтож оилаларга маҳаллий миқёсда ҳашар йўли билан кўмак уюштирган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу эзгу қадрият «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатламини аниқ манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган электрон тизимлар шаклига ўтказилди.


ОНЛАЙН макондаги миллий брендларимиз

Асрлар давомида шаклланиб келган Риштон кулолчилик мактаби, бетакрор Марғилон атласи ва миллий каштачилик санъатимиз маҳаллий бозор доирасидан аллақачон ташқарига чиқиб улгурди. Отамерос анъанавий қўл меҳнати эндиликда глобал электрон тижорат (Э-cоммерcе)нинг чексиз имкониятлари билан самарали бирлашмоқда. Ҳозирги вақтда юртимизнинг моҳир ҳунармандлари ўзлари яратган маҳсулотларни Амазон ёки Эцй сингари йирик халқаро савдо платформалари орқали жаҳон бозорига воситачиларсиз, тўғридан-тўғри экспорт қилмоқдалар. Шунингдек, бетакрор ўзбек миллий матолари йирик кўргазмаларда замонавий дизайн унсурлари билан қоришиб, ҳақиқий глобал бренд даражасига кўтарилиб бормоқда. Қолаверса, ноёб тарихий обидаларимиз ва қимматли қўлёзмаларимиз махсус виртуал музейлар ҳамда УНЕСCО ташкилоти доирасидаги халқаро рақамли архивларга жойлаштирилиб, бутун жаҳон илм-фани вакиллари учун қулай рақам­ли форматда тақдим этилмоқда. Бу жараён, ўз навбатида, миллий ўзлигимизни дунё жамоатчилигига кенг танитишнинг энг самарали ва замонавий усули ҳисобланади.

Келтирилган мисоллар асрий анъаналаримиз ва миллий қадриятлари­мизни аслича сақлаб қолган ҳолда, давр билан ҳамнафас ривожланишнинг амалий исботидир.


Хулоса ўрнида

Мухтасар қилиб айтганда, миллий қадрятлар – бу бизни заминга маҳкам боғлаб турувчи бақувват илдизимиз бўлса, замонавий тараққиёт – биз дадил интилаётган юксак парвозимиздир. Табиат қонуниятига кўра, фақатгина илдизи бақувват дарахт табиий офат ва бўронларга бардош бериб, юксакликка бўй чўза олади. Янги Ўзбекистоннинг танлаган тараққиёт йўли ҳам айнан шунга асосланган: яъни, шонли ўтмишимизнинг бой моддий ва маънавий хазинасини бугунги кундаги илм-фан ва технология­ларнинг сўнгги ютуқлари билан уйғунлаштирган ҳолда, ёруғ келажак сари ишонч билан дадил қадам ташлашдан иборатдир. Зотан, ана шундагина биз ўзимизнинг миллий қиёфамиз ҳамда ўзлигимизни йўқотмаган ҳолда, дунёнинг энг илғор давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаймиз.


Сарвар СОБИРОВ, 

ўз мухбиримиз.