Расулжон 13 ёшли Муҳаммаднинг Бўрижар каналига тушиб, оқимда оқиб кетаётганини кўргач, бир лаҳза ҳам иккиланмай сувга сакради. У болага етиб бориб, қўлидан ушлади ва яна бир фуқаро ёрдамида уни соғ-омон қирғоққа олиб чиқди.

Муҳаммаднинг онаси Гулчеҳра Авезова воқеа ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган видео орқали хабар топди. У ўғлининг ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамонга самимий миннатдорлик билдирди.

Қаҳрамоннинг отаси Адҳамжон Аҳмедов ўғлининг жасоратидан беҳад фахрланишини айтди. Расулжоннинг мардлиги Тошкент шаҳар ИИББ, Яшнобод тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасаддилар томонидан муносиб эътироф этилди. Унинг турмуш ўртоғи Муҳайёхон ҳам ички ишлар органлари тизимида хизмат қилади.

Инсон ҳаётини сақлаб қолиш — энг улуғ эзгу амаллардан биридир. Сафдор Расулжон Жўраевнинг жасорати хизмат бурчига садоқат, инсонпарварлик ва чинакам мардликнинг ёрқин намунасидир.