ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Маънавий-маърифий ишлар хизмати бош инспектори, подполковник Ғайрат Абдуллаев 16 йилдан буён ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб келмоқда. У 2023-йили ИИВ Академияси магистратурасида таҳсил олган тингловчиси сифатида ҳам ўз устида тинимсиз изланиш олиб борган малакали кадрлардан. Турмуш ўртоғи Малика Абдуллаева эса ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида инглиз тили фани ўқитувчиси. «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони соҳибаси, олий тоифали, халқаро инглиз тили ўқитувчиси ҳисобланади. У 2024-йилда Вебстер университетини тамомлаган. Бу оилада ота-она «ўқиш тугади» деган чегарани тан олмайди.

Шу боис ўғли Жавоҳирнинг илм олиши, Ватанга садоқат билан хизмат қилиши, келажакда етук ва салоҳиятли кадр бўлиб етишиши учун имкон қадар барча шароитларни яратишга интилди. Шу маънода Жавоҳирнинг бугунги муваффақиятида оилавий муҳитнинг ўрни беқиёс. Бу оилада хизмат – бурч, илм – қадрият, меҳнат – ҳаёт тарзи, натижа эса – масъулият сифатида қадрланади. Ана шундай таъсирда улғайган фарзанднинг орзулари ҳам оддий бўлиб қолмади.

2026-йили «Эл-юрт умиди» жам­ғар­масининг биринчи очиқ стипендия танловида 18 мингдан ортиқ номзод рўйхатдан ўтди. Тест ва суҳбат босқичларида юқори натижаларни қайд этган 210 нафар иқтидорли ёшлар «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси совриндори» деб эътироф этилди. Улар орасида Жавоҳир Абдуллаевнинг ҳам борлиги оиланинг кўп йиллик меҳнати ва фарзанднинг изланишлари самараси бўлди. 

Жавоҳир бу натижага бир кунда эришгани йўқ. У Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб битирувчиси бўлиб, халқаро инглиз тили имтиҳонида ИЭЛЦ 7.0, халқаро математика имтиҳонида эса САТ 1480 балл натижасини қайд этган. Унинг ютуқлари фақат халқаро сертификатлар билан чекланмайди. Ўтган йили Янги Ўзбекистон университети ва ИТ Парк ҳамкорлигида ташкил этилган Опен Дата Ҳакатон чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллади. Жорий йилда эса «Ҳарвард Бусинесс Cасе Cомпетитион» танловининг ярим финалчиси бўлди. Ўқувчилик даврида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб волонтёрларига бошчилик қилди. Бу фактлар бир нарсани кўрсатади: Жавоҳир учун билим фақат синфхона ва дарсликлар билан чекланмаган. У ўрганганларини синаб кўришга, жамоа билан ишлашга, ташаббус кўрсатишга ва етакчилик масъулиятини зиммасига олишга интилади. 

Жавоҳир Абдуллаев «Эл-юрт умиди» стипендияси орқали 2026-йил рейтингида 55-ўринни эгаллаган Ню-Ёрк университетининг Шанхайдаги филиалида таълим олиш имкониятига эга бўлди. Мазкур филиал халқаро таълим муҳити билан ажралиб туради. Бу ерда хитойлик талабалар билан бир қаторда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан келган ёшлар таҳсил олади. Бундай муҳит Жавоҳир учун яна бир катта мактаб. Негаки, у нафақат янги билимларни эгаллайди, балки дунёнинг турли мамлакатларидан келган тенгдошлари билан фикр алмашади, янги ғоялар билан танишади, халқаро лойиҳаларда ўзини синайди.

«Эл-юрт умиди» стипендияси ғолиби бўлиш – катта шараф. Энди Жавоҳир олдида дунёнинг нуфузли таълим муҳитларидан бирида билим олиш, янги технологияларни ўрганиш, турли маданият ва қарашлар билан танишиш, ўз имкониятларини янада кенгайтириш вазифаси турибди. Аммо бу йўлнинг энг муҳим манзили – етук ва салоҳиятли кадр бўлиб Ватанга қайтиш, албатта.


Дилрабо АБДУҲАМИДОВА,

мутахассис-мухбир, 

катта лейтенант.