Мамлакатимизда жамият равнақи ва барқарорлиги, аввало, унинг қуйи бўғини ҳисобланмиш маҳалланинг обод, тинч ва фаровонлиги билан белгиланади. Шу боис аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бевосита жойларда янгича тизим – «маҳаллабай» ишлаш асосида ташкил этилмоқда.
Сўнгги йилларда маҳаллалар «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» консепсиясини ҳаётга татбиқ этишда энг муҳим ташкилий-институционал бўғинга, аҳолига энг яқин халқчил тузилмага айланди. Илгари ҳудудлардаги ижтимоий муаммолар асосан марказлашган тарзда, юқоридан ҳал этилиб, қуйига узатиларди. Бу эса баъзи ҳолларда одамларнинг ҳақиқий дард-у ташвишлари эътибордан четда қолишига сабаб бўларди.
Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган янги ёндашув – «маҳаллабай» ишлаш тизими эскича қарашларни ўзгартириб, устувор вазифаларни бевосита маҳалланинг ўзидан, одамларнинг кундалик турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда белгилашда муҳим дастуриламал бўлди. Бугун маҳаллаларда фаолият юритаётган фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, солиқ инспектори ва маҳалла банкиридан иборат масъуллар ўз ишини хонадонма-хонадон юришдан, аҳоли дардини тинглашдан бошламоқда. Эътиборлиси, бу жараёнда маҳаллалардаги иқтисодий ҳолат, бандлик даражаси, оилаларнинг даромад манбалари ва томорқа ерларидан фойдаланиш кўрсаткичлари сингари масалалар босқичма-босқич таҳлил қилиниб борилмоқда. Натижада умумий ҳисоботлардан воз кечилиб, ҳар бир оила ва фуқаро тақдирига манзилли ёндашилгани туфайли муаммолар маҳалланинг ўзида ортиқча қоғозбозликсиз ечимини топмоқда.
Жумладан, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорликка қизиқишлари аниқланиб, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида махсус ўқув курслари ташкил этилмоқда. Ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган фуқароларга зарур асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар берилмоқда.
Маҳалла банкирлари – банкларнинг энг қуйи бўғини сифатида ҳудудларнинг бизнес имкониятларини ўрганиб, фуқароларнинг ташаббусларини тайёр лойиҳаларга айлантиришга кўмаклашмоқда. Улар «хонадонбай» тизими асосида ҳар бир оилага мақбул бизнес-режаларни таклиф этиш баробарида, кредит ажратишдан тортиб тадбиркорликни йўлга қўйиш ва тайёр маҳсулотни сотишгача бўлган барча босқичларда яқиндан ҳамроҳлик қилмоқда. Натижада фуқаролар барқарор даромад манбайи ҳисобланган меҳнатга жалб этилмоқда.
Сўнгги йилларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, барча қулайликларга эга замонавий маҳалла бинолари қад ростламоқда. Бу эса фуқароларнинг мурожаат қилиши ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун катта имконият яратмоқда.
Маҳаллаларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш мақсадида жорий этилган «Маҳалла бюджети» тизими ваколатларнинг қуйи бўғинларга берилиши йўлидаги чинакам муҳим қадам бўлди. Бунинг амалий ифодасини айни ҳудуддан тушадиган маҳаллий солиқларнинг бир қисми ички йўлларни таъмирлаш, электр тармоқлари ва ичимлик суви таъминотини яхшилашга йўналтирилаётгани мисолида кўриш мумкин. Шунингдек, «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ», «Обод кўча», «Обод хонадон» ва «Яшил макон» каби лойиҳалар юртимиз гўшаларини тубдан янгилаб, экологик тоза ва қулай яшаш муҳитини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Маҳаллабай» ишлаш тизимида «маҳалла еттилиги» таркибида фаолият юритаётган профилактика инспекторларининг хизмати алоҳида ўрин тутади. Айниқса, «Пойтахт намунаси» асосида ҳудудларда хавфсиз муҳит яратиш борасидаги ислоҳотлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Зотан, давлат сиёсатининг самарадорлиги фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки фуқароларнинг тинч-осойишта умр кечириши, эртанги кунга бўлган ишончи ва ҳаётдан розилиги билан ўлчанади. Одамларнинг ўз муаммолари билан ёлғиз қолмай, давлат ғамхўрлигини ҳис этаётгани «маҳаллабай» ишлаш тизимининг бош натижасидир.
Халқ розилигига эришиш – тинимсиз ҳаракат, одамлар ишончини оқлаш ва ҳар бир инсонга адолатли муносабатда бўлиш демакдир. Маҳалла институтига қаратилаётган юксак эътибор ҳамда «маҳаллабай» ишлаш тизимининг ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилиниши юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.