Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда асосий ҳаракатлантирувчи куч – бу ёшлардир. Бугун мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи навқирон авлод ўтмишдаги аждодларимиз каби дунё илм-фани ва технологиясини олдинга бошлашга қодир куч сифатида кўрилмоқда. Бироқ, бу мақсадга шунчаки баландпарвоз гаплар билан эришиб бўлмайди. Зеро, ҳар қандай Уйғониш даври жамиятнинг интеллектуал қатламида туб бурилиш содир бўлгандагина юзага келади. 

Юртимиз қадим-қадимдан илм-маърифат маркази, сивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган. Ушбу табаррук заминдан дунёга илм-у урфон зиёсини таратган буюк алломалар, олим-у мутафаккирлар етишиб чиққан. Улар илм-фаннинг кўплаб жабҳаларига асос солиб, жаҳон тамаддунининг шонли маёғи бўлиб келганлар.

Жумладан, ИХ–ХИИ асрларда Биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур алломалар юртимиз ҳудудида етишиб чиқди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди. Ислом маданиятининг олтин асри деб эътироф этилган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Мўйи Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахр-у ифтихори ҳисобланади.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган салтанат юртимизда Иккинчи Уйғониш, яъни Иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарофиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб ҳаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Учинчи Ренессанс шунчаки иқтисодий ўсиш ёки янги бинолар қурилиши эмас. Бу – инсон капиталининг мутлақо янги сифат босқичига кўтарилишидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда янги уйғониш даврининг асосий устунлари сифатида боғча ва мактаб таълимини тубдан ислоҳ қилиш, олий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, илм-фан ва инновацияларни ишлаб чиқаришга интеграция қилиш ҳамда маданият, санъат ва адабиётни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Замонавий дунёда хомашёга таянадиган иқтисодиётлар ўз ўрнини билимга таянадиган иқтисодиётга бўшатиб бермоқда. Табиий ресурслар тугаши мумкин, аммо инсоннинг интеллектуал салоҳияти ва креатив фикрлаши чексиздир.

Учинчи Ренессанснинг пойдевори Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар тизими орқали қўйилмоқда. Лекин бу жараён фақат маълум бир гуруҳ ёшлар билан чекланиб қолмаслиги, балки чекка қишлоқлардаги ҳар бир 

ўғил-қизнинг қалбига, онгига етиб бориши шарт. Давлат томонидан олий таълим муассасаларининг нуфузи оширилаётгани, хусусий ва хорижий университетлар сони кўпайтирилаётгани ёшларга кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Эндиги навбат – шу имкониятлардан максимал даражада самарали фойдаланишда.

Янги давр ва глобаллашув жараёнлари ёшлар олдига ўта жиддий ва қатъий вазифаларни қўймоқда. Учинчи Ренессанснинг фаол бунёдкори бўлиш учун бугунги ёш авлод юзаки билим олиш даври тугаганлигини ҳис этмоғи зарур. Ҳозирги меҳнат бозори фақат ўз соҳасининг мукаммал устаси, чуқур таҳлилий фикрлайдиган ва муаммоларга ностандарт ечим топа оладиган кадрларни талаб қилмоқда. Ёшлар диплом олиш учун эмас, реал кўникмаларга эга бўлиш учун ўқишлари керак.

Замонавий тараққиёт асрида рақамли технологиялар ва ИТ соҳасини мукаммал билмасдан туриб янги юксалиш даври ҳақида гапириш имконсиздир. Бугунги навқирон авлод дастурлаш, сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили ва киберхавфсизлик каби замон талабларига мос йўналишларни чуқур ўзлаштириб, технологияларнинг оддий истеъмолчиси эмас, балки янги рақамли маҳсулотлар яратувчисига айланиши лозим. Шу билан бирга, дунё илм-фанининг қарийб 80 фоиздан ортиқ қўлланмалари инглиз тилида чоп этилишини инобатга олган ҳолда, камида иккита хорижий тилни билиш халқаро тажрибани ўрганиш ва глобал майдонда рақобатдош бўлишнинг ягона йўлидир.

Шунингдек, ёшлар ўзларининг инновацион стартап лойиҳалари ва тадбиркорлик ташаббуслари орқали иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи кучга айланишлари талаб этилади. Бироқ бу каби глобал интеграция жараёнида маънавий пойдевор ҳам худди шундай муҳим аҳамиятга эга. Турли ғоявий таҳдидлар ва «оммавий маданият» хавфи кучайган асримизда миллий ғоя, ватанпарварлик ва тарихдан узилмаслик ёшларнинг маънавий қалқонидир. Зеро, дунёга очиқ бўлиш билан бир қаторда, миллий ўзликни, она тилини ва аждодлар ўгитини муқаддас билиш Учинчи Ренессанс бунёдкорларининг энг олий фазилатидир.

Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг энг юқори даражасига кўтарилган. Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилгани, ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолият юритаётгани, «Ёшлар дафтари» тизими орқали минглаб ёшларга моддий ва маънавий кўмак берилаётгани фикримизга далилдир. Шунингдек, хориждаги нуфузли олийгоҳларда ўқиш учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ажратилмоқда. Аммо, давлат томонидан яратилаётган барча шароитлар фақат ташқи омилдир. Ички омил – ёшларнинг ўзидаги интилиш, шижоат ва ирода.

Хулоса қилиб айтганда, Учинчи Ренессанс – бу шунчаки орзу ёки келажакдаги мавҳум режа эмас. Бу бугун ҳар бир дарсхонада, ҳар бир лабораторияда, ҳар бир компютер қаршисида ва ҳар бир китоб мутолаасида яратилаётган реал жараёндир. 

Биз буюк аждодлар ворисларимиз ва бу мақом бизга улкан масъулият юклайди. Ёшларимиз чуқур илм, юксак маънавият, замонавий технология ва ватанпарварлик туйғусини ўзларида мужассам эта олса, Учинчи Ренессанс пойдевори нафақат барпо этилади, балки мамлакатимиз дунёнинг энг ривожланган ва қудратли давлатлари қаторидан мустаҳкам ўрин олади. Зеро, келажак айнан бугун қабул қилинаётган қарорлар ва ёшларнинг тинимсиз меҳнати билан белгиланади.


Аброр ПОЁНОВ,

катта мутахассис-мухбир, 

катта сержант.