Рақамли назорат остида

Майдони 42,8 гектарлик «Олимпия» маҳалласида бугунги кунда 30 та кўп қаватли уй ва 1122 та ҳовли-жой мавжуд бўлиб, уларда 1564 та оила яшайди. 

Ҳудудда хавфсизликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинди. 78 та кириш йўлагига домофон ўрнатилди. Жами 109 та кузатув камераси ўрнатилиб, автомобилларнинг давлат рақами ва киши юзини таниб олиш технологиялари ҳам тизимга киритилган. Камералар «Хавфсиз шаҳар» марказига уланган, 72 таси профилактика инспекторининг хизмат хонасидан ҳам кузатилади.

Камера кўради, 

тизим маълумот беради

Маҳалла профилактика катта инспектори, капитан Сирож Машариповнинг фикрича, бугунги кунда соҳа ходимларининг фаолияти ҳам тубдан ўзгармоқда:

– Илгари профилактика инспектори аҳоли тасаввурида фақат ҳуқуқбузарлик содир бўлганида келиб баённома тузувчи ходим сифатида қараларди. Ҳозир эса у замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини пухта ўзлаштирган, шу билан бирга, аҳоли орасида юриб, халқ ишончини қозона оладиган мутахассис бўлиши керак.

Капитан хизмат хонасидаги мониторларга ишора қилиб, ҳудуднинг катта қисмини бир вақтнинг ўзида тўлиқ кузатиб бориш имкони яратилганини таъкидлайди.

– Камера кўради, тизим маълумот беради, сунъий интеллект таҳлил қилади. Лекин одамнинг дардини барибир одам тинглайди. Технология профилактика инспекторининг ўрнини босмайди, балки имкониятини кенгайтиради. Имижни яратиш учун фақат хизмат либоси кийиш етарли эмас, у одамларнинг ишончи, ҳудуд осойишталиги ва амалга оширилган ишлар натижаси билан шаклланади. Нуроний ҳам, ёш ҳам, хотин-қизлар ҳам инспекторга бемалол мурожаат қила олса, ҳақиқий имиж мана шу.

Профилактика инспектори маҳалланинг кечаги ва бугунги ҳолатини ҳам яхши билишини қўшимча қилади:

– Илгари бу ҳудуд нотинч эди, жанжал-тўполон кўп бўларди, одамлар кечқурун юришга ҳадиксирарди. Ҳозир эса тамоман бошқача. Энг муҳими, аҳолининг маҳаллага муносабати ўзгарди. Бизга ҳам ишлаш учун барча шароитлар яратиб берилган: технология бор, тизим бор, имконият бор. Баҳонага ўрин йўқ, фақат сидқидилдан ишласак бўлгани!

Ҳудуд «сариқ» тоифада

Маҳаллада жиноятчилик деярли буткул жиловланган: ҳозиргача эҳтиёцизлик оқибатида телефон йўқолиши билан боғлиқ биргина ҳолат қайд этилган бўлиб, ҳудуд «сариқ» тоифага киритилган.

Профилактика ҳисобида 21 нафар фуқаро (пробация назоратидагилар, ичкиликка ружу қўйганлар, гиёҳвандликка мойил шахслар ҳамда низоли оилалар) мавжуд. Эътиборлиси – ажрашишлар умуман қайд этилмаган, ажрашиш ёқасига келиб қолган икки оила яраштирилган.

Бу каби кўрсаткичлар замонавий технологиялар билан бир қаторда манзилли профилактика ва фуқаролар билан индивидуал ишлаш нақадар муҳимлигини кўрсатади.

«Ақлли»лик фақат 

камераларда эмас

«Олимпия» маҳалласидаги ўзгаришларни кузатув камералари билангина боғлаш тўғри бўлмайди – бунёдкорлик ишлари ҳам бор. Ҳудуддаги 19 та кўп қаватли уйнинг фасади тўлиқ таъмирланиб, 78 та кириш йўлаги янгиланди, жами 0,8 километр пиёдалар йўлаги барпо этилди.

Шунингдек, маҳаллада 3 та Wоркоут ва 10 та болалар майдончаси, 10 та айвонча, «Ватанпарварлар боғи» ва амфитеатр ташкил этилди. Ҳовлиларга ўрнатилган ўриндиқлар ёнидаги ҚР-кодлар орқали китоблар мутолаа қилиш мумкин. Тунги ёриткичлар эса аҳолининг кечки сайрларини хавфсиз ва файзли қилади.

1122 та хонадоннинг барчаси марказлашган электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ билан тўлиқ таъминланган. Ҳудудда умумтаълим мактаби, давлатга тегишли ҳамда хусусий боғчалар, шунингдек, футбол, волейбол ва стритбол майдонлари фаолият кўрсатмоқда.

Шу боис, «Ақлли маҳалла» тушунчасига фақат рақамли назорат сифатида қараш нотўғри. Хавфсизлик, ободонлаштириш, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва сифатли хизматлар бир тизимга бирлашсагина маҳалла чинакам қулай ҳамда фаровон ҳаёт масканига айланади.

Ишсизликдан 

холи

Мазкур маҳалладаги обектлар асосан савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишига ихтисослашган бўлиб, ҳудудда 85 та тадбиркорлик субекти ҳамда аҳолига хизмат кўрсатувчи 18 та турли шохобча фаолият юритмоқда. Маҳаллада аниқланган 43 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги тўлиқ таъминланди, аҳолига ссуда, субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилди. Жорий йилда 9 та микролойиҳа амалга оширилиб, 27 та янги иш ўрни яратилди.

– Тадбиркор ишласа, фуқаро даромад топса ва ҳудуднинг ўзида хизматлар ривожланса, кўплаб ижтимоий муаммолар ўз-ўзидан камаяди. Асосий мақсад фақат солиқ ундириш эмас, балки фаолияти тўхтаган субектларни қайта ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратишдир, – деди Урганч шаҳар солиқ инспексияси бошлиғи Сардор Абдуллаев.

Технология ва қонунийлик

Замонавий кузатув тизимлари кенг имкониятлар эшигини очади. Лекин ҳар қандай рақамли тизимдан фойдаланишда қонунийлик ва фуқароларнинг ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Урганч шаҳар прокурори Мирза Вапаев бу борада шундай фикр билдирди:

– Рақамлаштиришнинг аҳамияти ҳуқуқбузарлик содир этилганида айбдорни топиш билан чекланмаслиги керак. Унинг энг катта самараси – шундай ҳолатларнинг олдини олишдир. Шу билан бирга, илғор технологиялардан фойдаланишда қонунийлик, шахсий маълумотларнинг ишончли ҳимояси ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига қатъий амал қилиниши шарт.

Бош мақсад – жиноятларнинг барвақт олдини олиш

Урганч шаҳар ИИБ бошлиғи Музаффар Ачилов ҳам профилактиканинг асосий мезони жиноят содир этилишига йўл қўймаслик эканини қайд этади:

– Ички ишлар органлари учун энг муҳим натижа фақат юз берган жиноятни очиш эмас, аввало унинг олдини олишдир. «Олимпия»даги янги тизим профилактика инспекторига ҳудудни тезкор назорат қилиш имконини беради, бироқ камера унинг ўрнини босмайди. Инспектор одам билан юзма-юз гаплашади, оила муҳити билан танишади, муаммо сабабини ўрганади. Технология эса унга ана шу вазифаларни бажаришда ишончли кўмакчи бўлади.

Уйғун тизим

Урганч шаҳар ҳокими Бунёд Ражапов «Ақлли маҳалла» консепсиясини фуқаролар ҳаётидаги реал ўзгаришлар билан боғлайди:

– «Ақлли маҳалла» деганда фақат камера ва компютерни тушунмаслик керак. Инсон кўчада хавфсиз юрадими, фарзанди ўйнаши учун майдонча борми, кўчаси ёруғми, ўзига муносиб иш топа оляптими – натижа айнан шулар билан ўлчанади. «Олимпия»да технология, хавфсизлик ва ободонлаштиришни ўзаро уйғун тизимга айлантириш асосий мақсад қилиб қўйилган.


Нилуфар ЖАББОРОВА,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.