Миллат Днкси
Гералдика – чиройли тасвирлар, геометрик шакллар ёки ранглар йиғиндиси эмас. У миллат Днксининг, сиёсий ва тарихий иродасининг визуал кодидир. Тарихга назар ташласак, қадимги Рим легионлари ўз бургутларини, туркий отлиқлар ўз туғларини кўз қорачиғидек асраган. Улар учун туғнинг қулаши – салтанатнинг қулашига тенг бўлган.
Кўплаб империялар ва буюк салтанатлар давлат тимсолларига қурол-яроғлар, йиртқич ҳайвонлар ёки жаллод болталарини тушириш орқали ўз қудратини тажовузкорлик билан кўрсатишга уринган. Бироқ ўзбек давлатчилигининг томирларида бутунлай бошқача фалсафа оқади. Буюк Соҳибқирон Амир Темур ўз салтанати тамғаси сифатида қилични эмас, балки адолат, барқарорлик ҳамда дунёнинг уч иқлимидаги уйғунликни англатувчи «уч ҳалқа»ни танлагани бежиз эмас. Аждодларимиз қудратни яланғоч кучда эмас, адолат ва маърифатда деб билган. Бугунги гербимиз эса ана шу фундаментал тарихий хотиранинг замонавий, янгиланган ва янада мукаммал кўринишидир.
Танлов ва тарихий бурилиш
1992-йилнинг ёзи... Мустабид тузум емирилиб, иқтисодий ва ижтимоий инқирозлар гирдобида қолган, ҳали ўз қаддини тўла тиклаб улгурмаган янги давлатнинг дунё саҳнасидаги қиёфаси яратилаётган ўта мураккаб давр. Олий Кенгашнинг ўнинчи сессиясидаги баҳслар рассомларнинг чизмалари устидаги оддий мунозара эмас, балки миллатнинг келажак геосиёсий, мафкуравий ва маънавий йўналишини белгилаш юзасидан жиддий тортишувлар эди.
Ўша тарихий лаҳзаларда баъзи экспертлар герб марказига бургут ёки лочин сингари йиртқич қушлар тасвирини жойлаштиришни таклиф қилганда, Эркин Воҳидов сингари миллат зиёлилари, тарихчиларимиз бунга қатъий қарши чиққанди. Сабаби теран эди: Ўзбекистон ҳеч қачон босқинчилик руҳидаги, ўзгалар ҳудуди ва бойлигига кўз олайтирувчи давлат бўлмайди. Бу замин – бунёдкорлар, олимлар ва меҳнаткаш деҳқонлар юрти. Шунинг учун муҳокамаларда агрессияни ифодаловчи йиртқичлар эмас, балки қайта тирилиш, меҳр ва ҳурлик элчиси бўлмиш афсонавий Ҳумо қуши марказий фигура сифатида қабул қилинди.
Бу тарихий танлов бугунги ички ишлар органларининг бош мафкурасига нақадар мос тушади! Тизимнинг мақсади ҳам фуқароларни жазолаш, қўрқитиш ёки репрессив усулларни қўллаш эмас, балки уларнинг тинч ва бахтиёр ҳаётини – Ватан осмонида Ҳумо қушининг хотиржам парвозини таъминлаш, жамиятда эзгуликни ҳимоя қилишдир.
Ўхшаши йўқ қиёфа
Жаҳон гералдика тажрибасида герблар кўпинча гералдик қалқон ичига жойланади. Қалқон эса – зарбани қайтаришга, урушга шайликни ва ёпиқликни билдирувчи элемент. Эътибор беринг, Ўзбекистон герби қалқон шаклида эмас! У мукаммаллик, узлуксиз ҳаёт сиклини англатувчи доира шаклида яратилган. Бу – бизнинг давлат сифатида ҳеч ким билан курашиш ниятида эмаслигимизни, балки глобал уйғунликнинг бир қисми эканимизни намоён этади.
Гербдаги қуёш ва тоғлар оддий манзара эмас – бу 39 миллион нафар аҳоли яшаётган буюк маконнинг жонли панорамаси. Икки буюк дарё – Амударё ва Сирдарё шунчаки сув манбайи эмас, улар мозийдан келажак сари оқаётган вақт неъмати, авлодлар ўртасидаги узвийлик риштасидир. Саккиз қиррали юлдуз дохил барча элементлар бирлашиб, яхлит бир тизимни – тинчлик ва фаровонлик экотизимини ҳосил қилади.
«Виждон детектори»
Бугунги кунда ички ишлар органи ходими бўлиш фақатгина қонунларни ёд билиш, жисмоний тайёргарликка эга бўлиш ёки қуролдан фойдалана олишни талаб қилмайди. Энг муҳими – елкага ортилган маънавий юкни кўтара олишдир. Фуқаро кўчада ҳуқуқбузарликка дуч келганда, кимдандир зулм кўрганда ёки шунчаки адолат истаб ички ишлар бўлимига кириб келганда, аввало давлатга мурожаат қилади. Унинг назарида, қаршисида турган оддий профилактика инспектори, тезкор вакил ёки терговчи – бу бутун бошли мамлакатда қонун усуворлигини таъминловчи тизимнинг муҳим бўғинидир.
Ходим формасидаги герб – бу ўзига хос «виждон детектори». Ушбу белгини тақиб юрган инсоннинг қонунни бузишга, фуқарога қўпол муомала қилишга, ваколат доирасидан четга чиқишга ёки коррупсияга қўл уришга нафақат юридик, балки маънавий ҳаққи йўқ.
Ишонч ва мафкуравий иммунитет қалқони
Бугун Янги Ўзбекистоннинг аҳолиси 39 миллионлик довондан ошди ва жадал ўсишда давом этмоқда. Бу рақам ортида катта ижтимоий масъулият ётибди. Бу дегани – ички ишлар органлари зиммасида 39 миллион хил тақдир, шунча қараш ва одамнинг хавфсизлиги учун кундалик жавобгарлик бор.
Шу билан бирга, Ўзбекистон бугун дунёга очилди, халқаро интеграция жараёнлари тезлашди. Юртимизга ҳар куни минглаб хорижий сайёҳлар, инвесторлар ва меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Аэропортдан тортиб то марказий майдонларгача хорижлик меҳмон энг кўп дуч келадиган давлат вакили – ички ишлар органлари ходимидир. Ходимнинг формасидаги герб бу ўринда давлатнинг суверенитети, унинг барқарорлиги ва меҳмондўстлигининг халқаро юзига айланади. Ходимнинг маданияти, табассуми ҳамда ёрдамга шайлиги орқали чет эллик инсон гербдаги Ҳумо қуши тимсоли ҳақиқатан ҳам халқнинг табиатида борлигига амин бўлади.
Глобаллашув асрида, ахборот хуружлари, кибержиноятлар ва турли ёт ғоялар чегара билмай авж олган бир пайтда, ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни қандай шакллантириш мумкин? Фақатгина баланд минбарлардан айтиладиган шиорлар ёки панд-насиҳатлар билан эмас, албатта! Ватанпарварликнинг энг кучли, энг таъсирчан тарғиботи қонунга содиқ, адолатли, коррупсиядан йироқ ва халқпарвар ички ишлар органлари ходимининг шахсий намунасидир.
Мактаб ёшидаги ўсмир ўз маҳалласидаги профилактика инспекторининг ҳалол ва фидокорона хизматини, унинг одамларга холис ёрдам бераётганини кўрса,
унинг кийимидаги гербга, демакки, ўз Ватанига нисбатан ички ҳурмат ва мутлақ ишонч билан улғаяди. Ишонч бор жойда эса ҳеч қандай ёт мафкура, ҳеч қандай бузғунчи ғоя илдиз ота олмайди.
Хулоса ўрнида
Давлат герби – мозийдан садо берувчи, бугунги кунимизни нурлантирувчи ҳамда келажак авлодларга тўғри йўл кўрсатувчи маънавий маёқдир. Ундаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг ва шакл аждодлар қони, машаққатли меҳнати ва буюк орзулари билан яратилган. Ундаги ҳар бир маъно бизнинг бугунги тинчлигимизни таъминлаб, жамиятни эртанги кун сари ишонч билан бошлаб бормоқда. Гербни эъзозлаш – қонунни эъзозлаш, инсон қадрини улуғлаш демакдир.
Ҳамид ҒОЙИПОВ
