Бобо болалигини эслолмайди. Болалигидан барча болалар қатори, йўқсил отасининг йўғини бор қилиш учун чўпонга ёрдамчи бўлган. Айни кучга тўлганда, армияга олишган. Умрининг гуллаган йилларида Сибиръ ўрмонларида балчиқ кечган, оқпошшонинг паровози жилдираши учун дарахт кесган. Ўғиллари отасининг изи қолган жойларни ватан деб улғайишган. Лекин ватан она бағридек ёвуқ, она меҳридек иссиқ бўлиши керакмасми?! Уларга ўргатилган, юракларига ўрнатилган ватан эса жуда олис ва жуда совуқ эди...

Кун келиб, улар ҳам оталаридек ватан хизматига олинди. Лекин ватан ҳимоячиси бўламан, деган йигитлар қурол-аслаҳани қўлига олиш тугул, уларнинг расмини ҳам кўрмай, навқирон умрини қурилиш баталъонларида ўтказишди... Афсуски, бу мерос авлоддан-авлодга ўтиб келаверди...

Ўттиз йил муқаддам эсган истиқлол эпкинлари уларнинг ватан тушунчасини тўзғитиб юборди. Киндик қони томган она замин мустақилликдан масрур бўлди. Ватан туйғуси пучмоқларига кўмилган юраклари мағрурлик туйди. Ватан она эканини, ота-она туғилган гўша эса чин ватан эканини, уларнинг киндик қони томган тупроқ азиз ва муқаддаслигини ҳис қилишди... 

Энди уларнинг ўғиллари мардикорликка, қурилиш баталъонига эмас, чин аскарликка йўл олишди, она Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни эгаллашди. Юксак унвонлар, юқори лавозимлар соҳиби бўлишди. Уларнинг елкаларини осмондагидан-да ярқироқ юлдузлар, кўксини нуфузли орден-медаллар безади.

Энг қувонарлиси, бугун уларнинг фарзандлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида, Давлат хавфсизлик хизматида ва шон-шарафга тўла Қуролли Кучлар тизимида фаолият юритиб, ҳақиқий ҳимоячиларга айланишган. Кейинги авлод эса, эртага мустақил армиямизнинг куч-қудратини ошириш, уни назарий ва амалий жиҳатдан бойитиш мақсадида нуфузли ҳарбий олийгоҳлар ҳамда Академияларда таҳсил олмоқда. Шунинг ўзи ҳам она Ватанимиз келажаги, унинг ҳифзи-ҳимояси ишончли қўлларда эканидан нишонадир.

Темир ҚУРБОНОВ,

истеъфодаги подполковник.