Юртимизда ислом оламида машҳур алломалар мангу қўним топган муборак масканлар талайгина. Қашқадарё вилояти Қарши тумани Қовчин қишлоғида жойлашган Абу Муин Насафий зиёратгоҳи ҳам ана шундай муқаддас қадамжолардан саналади.
ХИ асрда яшаган Абу Муин Насафий бобомиз диний илмнинг буюк намояндаларидан бири. Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишида муҳим ролъ ўйнаган. Ислом дини софлигини сақлаш, ақидапарастликка қарши курашишга қаратилган кўплаб илмий асарлар ёзган. Қарши тумани Қовчин қишлоғида дафн этилган.
Мазкур зиёратгоҳда Қуръони каримнинг асл қўлёзма нусхаси сақланмоқда. Бу китоб қадимги Самарқанд қоғозига битилган, хаттотлик элементлари билан безатилган.
Устоз Абу Муин Насафийнинг олдиларига кўплаб талабалар келар эди. У киши Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳдан кейинги мотуридия таълимоти орқали динга хизмат қилган энг катта уламолардан ҳисобланади. Абу Муин Насафий ҳазратларининг «Тавсиратил адилла» номли китоби Имом Мотуридийнинг «Китоби Тавҳид» асаридан кейинги иккинчи мўътабар китоб ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбари 2017-йил 24–25-феврал кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Абу Муин Насафий мақбарасини обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, буюк олим асарларини халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берган эдилар. Шунга мувофиқ, мажмуада кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Қисқа муддатда зиёратгоҳ кўркам гўшага айланди.
Содиқ РАҲИМОВ
тайёрлади.
