Бугун Ўзбек миллий академик драма театрида ИИВ Марказий аппарати ходимлари учун буюк бобокалонимиз Амир Темур ва унинг давлат бошқаруви ҳақида ҳикоя қилувчи Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим қаламига мансуб “Адолат фасли” номли спектакл намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Бахтиёр Тўраэв ҳамда Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирган ушбу спектаклда бош ролни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ижро этди.

Соҳибқирон салтанатининг ғарбий ҳудудлари бўйича ноиби, шаҳзода Мироншоҳ мирзони ўзига тегишли ҳудудда тартибсизликларни авж олдирганлиги, адолацизликка йўл қўйгани учун ўлимга ҳукм этиб, сўнгра амалдорлари ва яқинларининг маслаҳатига кўра қатлни бекор қилади. Саҳна асарида ана шу тарихий воқеа акс этган.

Отасининг кўзидан анча йироқда бўлган ўғил халқ ташвиши ҳақида ўйламай, ов ва маишатга берилиб кетади. Рафиқаси Хонзодабегимнинг уни бу йўлдан қайтариш учун қилган ҳаракатлари зоэ кетади. Сарой хазинасидаги бойликларнинг таги кўриниб қолганини сезган малика эса ҳеч кимга билдирмасдан Самарқандга келиб, қайнотаси Амир Темурни барча кирдикорлардан хабардор қилади. Шундан сўнг Соҳибқирон амалдорлари билан Султония шаҳрига бориб, мазкур кўнгилсизликларни бартараф этади.

Амир Темур ҳаётининг биргина шу кичик лавҳаси орқали ҳар қандай юрт адолат билан барқарор эканлиги, халқнинг тинчлиги ва осойишталиги, мамлакатнинг ривожланиш ҳам айни шу омил билан узвий боғлиқ экани кўрсатиб ўтилди. Тарихий манбаларда бу ҳолатдан тўғри хулоса чиқарган Мироншоҳ Мирзо кейинчалик ўзининг садоқати ва жангу жадаллардаги жасорати билан отасининг ҳурматига эришгани қайд этилади.

Спектакл давомида ўз ролларини маҳорат билан ижро этган актёрлар томошабинларнинг гулдурос олқишларига сазовор бўлди. Театр томошаси якунида ИИВ раҳбарияти маънавият маскани ижодий жамоасига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирди.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.