ИИВ Хоразм академик лисейида истеъдодли шоир, таниқли давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539-йиллиги муносабати билан “Адолатли шоҳ ва буюк шоир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда мазкур таълим муассасаси ўқувчилари томонидан шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳамда “Бобурнома” асари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, келажагимиз эгалари “Кўҳинур” ва “Бобурнинг туғилиши” номли саҳна кўринишларини ижро этиб, улуғ зотнинг қаламига мансуб ғазал ва рубоийлардан ёд олишди. Шу билан бирга, Бобур ҳаёти ва ижодига бағишлаб, ўқувчилар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан таълим муассасаси директори, полковник Р. Машарипов Бобурнинг бой адабий меросини ўрганиш ва тарғиб этишни кенг йўлга қўйиш, ўқувчи-ёшлар қалбига унинг асарларининг мазмун-моҳияти, бадиий хусусиятлари ҳамда тарбиявий аҳамиятини чуқур сингдириш лозимлигини таъкидлади.

Маънавий-маърифий тадбирда вилоят ИИБ масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шундай қилиб, мазмунли ва қизиқарли тарзда ўтган ушбу кеча якунида унда фаол иштирок этган ўқувчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Беҳзод Қурёзов,

ИИВ Хоразм академик лисейи директори

ўринбосари, подполковник.