Ўлкамизга баҳор фасли кириб келди. Албатта, кўклам гўзаллик ва ёшариш фасли ҳисобланади. Айнан баҳорнинг бошида Халқаро хотин-қизлар байрамининг нишонланишида ҳам қандайдир уйғунлик ва маъжозий маъно бор.
Мўтабар оналаримиз, дилбар опа-сингилларимизнинг меҳри, фидокорлиги олдида эса дунё бош эгади. Хотин-қизлар туфайли оилада тинчлик-тотувлик, фаровонлик, жамиятимизда эса барқарорлик, тараққиёт бўлади. Шу боисдан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида кўпгина ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ишларни қонун йўли билан мустаҳкамлаш мақсадида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва бошқа қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган.
Бугунги кунга келиб хотин-қизлар давлат ва жамият қурилиши ҳамда бошқарувидаги масъулиятли лавозимларда фаолият кўрсатишмоқда. Жумладан, улар ички ишлар органларида эркаклар билан бир сафда туриб, машаққатли вазифаларини шараф билан бажариб келаётганлигини айтиб ўтиш ўринли бўлади. Сўзимнинг якунида юртимиздаги барча нозик хилқат вакилаларини байрам билан табриклаб, қадрингиз ва қаддингиз баланд бўлсин дегим келади. Зеро, аёл бахтли бўлса, оилада тинчлик-тотувлик таъминланиб, жамиятимиз янада мустаҳкамланиб бораверади.
Сайёра ҚУЛИМБЕТОВА
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ҲПБ катта инспектори, маёр.