Азиз ва мўтабар аёлларимиз, аввало, миллат эртаси бўлган соғлом ва маънан баркамол авлод тарбиячиси, онадир. Бу нозик хилқат вакиллари, қишлоқ хўжалиги, саноат, тадбиркорлик, фан-техника, инновасия, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда ўзининг оқилалиги, донолиги, билим-тафаккури, ташаббускорлиги, ғайрат-шижоати билан самарали меҳнат қилиб, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирокчига айланиб бораётган фидойи инсон. Бу айни дамда ички ишлар органларидек масъулияти оғир ва машаққатли соҳада жонкуярлик билан хизмат олиб бораётган хотин-қизларимиз тимсолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Форумнинг биринчи куни иштирокчилар учун ҳақиқий маънода билим-тафаккур, ақл-ирода, тажриба ва маҳорат синови бўлди, десак, асло муболаға эмас. Иштирокчилар тантанали тарзда кутиб олинди ва ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасидаги «Фидойи аёл ходима», «Энг яхши китобхон ходима», «Заковат» интеллектуал кўрик-танловлари ҳамда «Шахмат» спорт мусобақасига старт берилди. 

Вилоят «Ёшлар маркази»да ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматлари ва ҳудудий ИИБ вакилларидан иборат 18 та жамоа «Заковат» интеллектуал ўйинида ақлий салоҳиятларини намойиш этишди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой беллашувда беш кишидан иборат жамоалар ғолиб­лик учун бор имкониятини ишга солди. 

Самарқанд шаҳридаги вилоят Ахборот-ресурс марказида бўлиб ўтган «Энг яхши китобхон ходима» танлови чин маънода ҳақиқий китобхон, маънавиятли ходималарни саралади, десак, хато бўлмайди. Унда иштирокчиларнинг бадиий адабиёт, мутолаа, ақлий билим ва интеллектуал салоҳияти синовдан ўтди. Ходималарнинг чиқишларини Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, фахрийлар ва соҳавий хизмат вакилларидан иборат ҳайъат аъзолари баҳолаб борди. 

Самарқанд шаҳридаги «Гранд Согдиана» меҳмонхонасида эса ходималар «ақл гимнастикаси», яъни шахматдан дона суриб, ўзларининг нимага қодир эканлигини амалда кўрсатишди. 

 Форумнинг энг мураккаб ва масъулиятли беллашуви – «Фидойи аёл ходима» кўрик-танлови ҳисобланади. Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар орасидан ўз касбининг моҳирларини аниқлаш ва эътироф этиш мақсадида ташкил этилган ушбу кўрик-танловда иштирокчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги синовдан ўтказилди. 

Ходималар 1000 метр масофага югуриш, «Макаров» тўппончасини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, электрон тирда ўқ отиш шартлари бўйича беллашишди. Шундан сўнг билим даражасини аниқлашга қаратилган тест синовларини топширишди. 

Шунингдек, форумнинг биринчи куни тадбирлари доирасидаги барча иштирокчилар Самарқанднинг тарихий қадамжоларида бўлишди. 

Форумнинг иккинчи куни Самарқанд шаҳридаги Нурафшон саройи эрта тонгдан меҳр қўйган касбида фахр-ифтихор билан меҳнат қилаётганидан юз-кўзлари нурафшон ходималар билан янада файзга тўлди. Танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда Бош вазир ўринбосари З. Маҳкамова, Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр А. Икрамов, Самарқанд вилояти ИИБ бош­лиғи, полковник 

Р. Маматов, Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоси, таниқли олима, фалсафа фанлари доктори, халқаро тоифадаги спикер Ж. Шермуҳамедова иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр 

А. Икрамов мамлакатимизда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланганига жавобан, уларнинг сони жамиятнинг барча соҳаларида ортиб бораётганига эътибор қаратди. Хусусан, бугунги кунда ички ишлар органларида ҳам эркаклар билан бир сафда турли соҳавий хизматларда хотин-қизлар самарали фаолият юритиши билан кифояланмай, қатор ютуқларга эришаётганига эътибор қаратиб, «Ҳозирда сафимизда 8 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, халқаро тоифадаги спорт устаси, 23 нафар спорт устаси ва 9 нафар спорт усталигига номзод, 

4 нафар спорт йўналиши бўйича «Зулфия» мукофотини олган хотин-қизлар хизмат қилмоқда.

Мана, яқинда – 10 февралъ куни Остона шаҳрида ўтказилган енгил атлетика бўйича Х Осиё чемпионатининг бешкураш (60 метрга тўсиқлар оша югуриш, узунликка сакраш, ядро улоқтириш, баландликка сакраш, 800 метрга югуриш) босқичида Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчиси кичик сержант Екатерина Воронина иккинчи бор олтин медални қўлга киритди», дея таъкидлади.

Ниҳоят ғолиблар эълон қилинди. 

«Заковат» интеллектуал ўйинида Наманган вилояти ИИБ жамоаси биринчи, Тошкент вилояти ИИБ жамоа­си иккинчи, Жиззах вилояти ИИБ жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

«Энг яхши китобхон ходима» кўрик-танловида биринчи ўринга ИИВ номидан иштирок этган катта сержант Шаҳноза Шукурова лойиқ кўрилган бўлса, ке­йинги ўринларни Тошкент шаҳар ИИББ вакили маёр Бахтигул Аманова ва Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси вакили оддий аскар Севара Ортиқматова қўлга киритди. 

Шахмат мусобақасида биринчи ўринни лейтенант Гулҳаё Шокаримова (Наманган вилояти ИИБ), иккинчи ўринни капитан Дилафруз Шарапова (Тошкент шаҳар ИИББ), учинчи ўринни катта лейтенант Нилуфар 

Хўжаярова (ИИВ вакиласи) эгаллади. 

«Фидойи аёл ходима» кўрик-танлови якунида ҳар жиҳатдан фаол, ташаббускор ходималар ғолиб деб топилди, десак, янглишмаган бўламиз. Унда Самарқанд вилояти ИИБ вакили маёр Моҳина Юнусова мутлақ ғолиб бўлган бўлса, ИИВ вакили подполковник Мадина Султанова ва Наманган вилояти ИИБ вакили маёр Зоҳида Каримовага кейинги ўринлар насиб қилди. 

Барча ғолиб жамоалар ва ходималарга қимматбаҳо совғалар, китоблар тўплами, фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоси, халқаро тоифадаги спикер Ж. Шермуҳамедова Ички ишлар вазирининг қўл соати билан тақдирланди.

– Форумни ўтказишдан мақсад тизимда хизмат қилаётган хотин-қизларнинг касбий ташаббускорлигини ошириш, уларни билим олишга, маънавиятли бўлишга чорлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш эди, – дейди ИИВ Маънавий-маърифий ишлар хизмати бош­лиғининг хотин-қизлар масалалари бў­йича ўринбосари, подполковник Наргиза Миржалолова. – Ўйлайманки, муддаомизга етдик. Кўплаб билимли, ҳар жиҳатдан намуна бўладиган аёлларимиз ғолиб бўлди. 

Форум доирасида ички ишлар органлари ходималарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг ижтимоий-маиший комиссияси қарорига мувофиқ, 10 нафар аёлга 90 миллион сўм миқдоридаги автокредитлар, 

7 нафар ходимага ссудалар ва 

3 нафар ходимага имтиёзли уй-жой ажратилди. Бундан ташқари, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган 

3 нафар ходимнинг оналарига дам олиш масканларига йўлланмалар берилди.

Шундай қилиб, билим, тажриба ва маҳорат синовларига бой ИИ Республика форуми ходималарга унутилмас таассуротлар ҳадя этиб, ўз якунига етди. 

Келаси йил форумга 

Бухоро вилояти мезбонлик қилади.

Замира БОЛТАЕВА, Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» – «На посту» мухбирлари.