БАЛЛИ СИЗГА, ОҚ ХАЛАТЛИ МАЛИКАЛАР!

Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ўртасида Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган ИИВ Даволаш-профилактика муассасалари Тиббиёт бошқармаси бошлиғи, подполковник Ш. Нишанов барча тиббиёт ходимларини яқинлашиб келаётган касб байрами билан самимий қутлаб, соҳа вакиллари иштирокида ўтказилаётган турли танлов ва мусобақалар уларнинг ўзаро тажриба алмашиши ва юртга дахлдорлик ҳиссини янада оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Саломатлик посбонларининг касбий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу танловда иштирокчилар таништирув, савол-жавоб, амалий ва эркин мавзу каби тўртта шарт бўйича ўзаро беллашишди.

Жумладан, иштирокчилар амалий шарт бўйича куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малакасини ошириш ва ихтисослаштириш марказида ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Интеллектуал салоҳияти, касбий малакаси ҳамда шахсий сифатлари билан хизмати давомида бошқаларга намуна бўлиб келаётган 18 нафар ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган оқ халатли соҳа маликалари қизғин ва муросасиз баҳсларда нималарга қодир эканликларини яна бир бора тасдиқлашди.

Шундай қилиб, танловнинг якуний натижаларига кўра, барча рақибларидан яққол ажралиб турган Жиззах вилояти ИИБ тиббиёт бўлими госпитали ҳамшираси Э. Юсупова энг юқори натижага эришиб, 1-ўринга лойиқ топилди. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ тиббиёт бўлими поликлиникаси тиббий ҳамшираси М. Утекеева иккинчи поғонани забт этган бўлса, Сирдарё вилояти ИИБ тиббиёт бўлими поликлиникаси лаборанти Р. Ишамбетова 3-ўринга муносиб кўрилди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом, қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Ўз устимда тинимсиз изланишларим самараси ўлароқ, ана шундай юксак шарафга муяссар бўлдим, дейди мазкур танлов ғолиби Э. Юсупова. Бунинг учун менга кенг имконият ва шароитлар яратиб берган вазирлик ҳамда вилоят ИИБ раҳбариятидан беҳад мамнунман.

Михли САФАРОВ,

ўз мухбиримиз.