Куни кеча ИИВ Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар марказида маъмурий ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олиш бўлими катта инспектори, кичик сержант Фаррух Шокировнинг пенсия чиққанлиги муносабати билан кузатув тадбири бўлиб ўтди.
Кичик сержант Ф. Шокиров соҳадаги фаолиятини Тошкент вилояти ИИБ Ахборот марказида бошлаган. Бир неча йил мазкур йўналишда хизмат қилган ходимни 2018-йил ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси бўлинмалари марказий база навбатчилигига ўтказишади. 2019-йилда ИИВ Тезкор-маълумотлар бошқармаси маъмурий ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олиш ва шакллантириш бўлими катта инспектори, 2021-йилдан то пенсияга кузатилгунига қадар эгаллаб турган лавозимида фаолият юритди.
– Ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилиб, ўзининг меҳнацеварлиги, тиришқоқлиги билан кўпчиликка намуна бўлган, юклатилган вазифаларни адо этишга виждонан ёндашадиган ходимлардан бири бугун нафақага кузатилмоқда, – дейди тадбирда сўз олган марказ бошлиғи ўринбосари, полковник Абдуҳамид Ҳакимов. – Ф. Шокиров раҳбарият томонидан бериладиган ҳар бир топшириқни ўз вақтида ва сифатли бажарадиган, ҳамкасбларига ҳам қўлидан келганича беминнат ёрдам берадиган бағрикенг инсон. Шунинг учун фаолияти давомида ҳамкасблари орасида ҳам обрў-эътиборга эга бўлган.
Шунингдек, тадбир давомида қаҳрамонимизнинг ҳамкасблари ва шогирдлари ҳам ўзларининг самимий дил изҳорларини билдириб ўтишди.
– Пенсияга чиқди, дегани, марказдан узоқлашиб кетди, дегани эмас, – дейди Ф. Шокиров. – Келгусида ҳам ёш ходимлар ҳамда ҳамкасбларимга билим ва тажрибаларимни ўргатиб, соҳа ривожи учун имкон қадар ўз ҳиссамни қўшаман. Бугунги кўрсатилган юксак эҳтиромдан бошим кўкларга етди. Барчангизга мана шундай бахт насиб этишини чин дилдан тилайман.
Сарвар СОБИРОВ,
«Постда» мухбири.
