Маънавият ва маърифат дарси


Байроқ бошқа давлат рамзлари қаторида, шу азиз Ватанда яшаётган ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва қадрлидир. Шунинг учун ҳам она замин тинчлиги ва эл осо­йишталиги йўлида камарбаста бўлишни ният қилган ҳар бир юрт фарзанди Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида Ватанга қасамёд қабул қилади.

Залвори тоғлардан-да улкан бўлган ана шундай шарафли вазифани зиммасига олган ҳар бир ўғлон давлатимиз рамзи бўлган муқаддас байроқни ўпиб: буюк аждодларининг пок руҳлари, она Ватан олдидаги бурчини ҳалол бажаришга, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, мамлакат мустақиллигини, унинг сарҳадларини, она халқининг тинчлиги ва осойишталигини, миллий манфаатларини сўнгги нафасигача ҳимоя қилишга, юртига қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли ҳаракатларга қарши аёвсиз курашишга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига қатъий амал қилишга тантанали равишда қасамёд қилади.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991-йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган ВИИ сессиясида қабул қилинган. Мана шу санага ҳам 30 йил тўлди. Шу ўтган вақт мобайнида фахримиз ва ғуруримиз бўлган байроғимиз хориж мамлакатлардаги расмий ташрифлар, учрашувлар, спорт мусобақаларида ҳилпираётганини кўрсангиз, қалбингизда албатта, мустақил юртимиздан фахрланиш, ғурурланиш ҳисси пайдо бўлади.

Айниқса, БМТ биноси ёнида юзлаб мамлакатлар байроқлари қаторида, Ватанимиз байроғини кўришингиз билан қалбингизда ғурур ва ифтихор пайдо бўлади. Юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, ўзида бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир. Чунки байроғимиз давлатимизнинг рамзи бўлиш баробарида, халқимизнинг тинч-осойишта, озод ва эркин ҳаёти, ёруғ келажагига бўлган ишончининг ҳам тимсолидир.

Давлат байроғи – давлатнинг асосий рамзларидан бири: расмий, бошқа давлатлардан фарқловчи белгиси. Давлат байроғининг тасвири махсус қонун ёки конституция билан белгиланади. Давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. Давлат муассасалари, элчихоналар, консулликлар, ваколатхоналар, божхоналар каби бинолар олдида кўтарилади. Миллий байрамлар кунлари элчихоналар, ваколатхоналар, консулликлар ўз мамлакати байроғини кўтаради. Давлат байроғи, шунингдек, маросимлар пайтида, халқаро спорт совринлари топширилаётганда кўтарилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири «Ўзбекис­тон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуни билан тасдиқланган. 

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлатининг байроғи ҳам мовий рангда эди.

Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёриткичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.

Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.

Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Давлат байроғига нисбатан қандай хатти-ҳаракатлар ман этилган?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун фуқароларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, мансабдор шахслар учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваригача жаримага тортилишига сабаб бўлиши белгиланган. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахслар эса базавий ҳи­соблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

Жиноят кодексининг тегишли моддасига биноан, Давлат рамзларига ҳурмацизлик қилиш: Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурмацизлик қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳурмацизлик қилиш деганда, давлат рамзини қасддан ёқиб юбориш, йўқ қилиш, унга шикаст етказиш, ахлоқсизлик намойиш этиш назарда тутилади. Шундай экан, миллий тимсолимизга бўлган эҳтиром ва ҳурмат ҳар бир юртдошимиз учун муқаддас бурч бўлмоғи даркор.

Умуман олганда, давлат байроғи бизнинг ўтмишимиз, бугунги кунимиз ва келажагимиз рамзидир. Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлса ҳам, қандай натижаларга эришса ҳам, Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроғимиз бизнинг – фахримиз, ғуруримиз!

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.