Хива тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Севара Худайберганова қисқа давр ичида туманда яшовчи хотин-қизларнинг бирига опа, бирига сингил, яна бирига эса дугона бўлиб қолди. У тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг ўринбосарлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
Шу боис, оилаларда пайдо бўлган ҳар қандай кўринишдаги келишмовчилик иштирокчиси бўлган хотин-қизлар дастлабки жараёнлардаёқ маҳалла фаоллари, кайвони онахонларни жалб қилган ҳолда муросага келтириляпти.
– Албатта, ҳамма ҳам бирдек муросага келмаслиги табиий, – дейди катта лейтенант Севара Худайберганова. – Бундай ҳолатларда жабр кўрган хотин-қизларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга киришамиз. Ўтган йил давомида тайзиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 203 нафар хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 24 нафар хотин-қизлар ҳуқуқий ҳимояга олинди. Шунингдек, тумандаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор беряпмиз. Айниқса, хотин-қизларни доимий иш ўрни билан таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётга тўлиқ мослашиб кетишларига амалий ёрдам бериш масалалари ҳам доимий эътиборда.
Амалга оширилаётган ҳамкорликдаги ушбу тадбирлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг асосини ташкил қилади.
Зокир ИСМОИЛОВ,
подполковник.
