Отаси фожиали равишда ҳаётдан кўз юмгач, Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшлигида мамлакат тахтига ўтиради. Бу пайтда темурий шаҳзодалар ўртасида ўзаро низолар авжига чиққан палла эди. Бу ҳам етмагандек, Умаршайх Мирзо салтанатидаги бир қанча беклар ва ҳокимлар ёш ҳукмдорга бўйсунишни исташмайди. Ўз амакиси ва тоғаси ҳам унга қарши чиқишади. Хуллас, ҳукмдорлигининг дастлабки 2–3 йилини ўзаро низо ва келишмовчиликларни бартараф этишга, ўз мавқеини мустаҳкамлашга сарфлайди.
Лекин унинг асл мақсади бунданда улуғворроқ – бобоси Амир Темур салтанатини қайта тиклаш эди. Бунинг учун аввало бир пайтлар улуғ салтанатнинг пойтахти бўлган Самарқандни эгаллаш лозим деб ҳисобларди. Шу мақсадда амалга оширган 1495–1496-йиллардаги ҳарбий юришлари муваффақияциз кечади. Ниҳоят 1497-йилда 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқандни қўлга киритади. Аммо турли иқтисодий, ҳарбий ва бошқа қийинчиликларга дуч келавергач, юз кундан кейин шаҳардан чиқиб кетади.
Бобур иккинчи марта Самарқандни 1500-йилнинг кузида эгаллайди. Шайбонийхоннинг шаҳарда қолдирган лашкари маҳв этилади. Аммо келаси йил баҳорида Шайбонийхон катта қўшин билан бостириб келади.
1501-йил апрелида бўлган жангда Бобур Мирзо мағлубият аламини тортади. Унинг туғма саркардалик истеъдоди тож-у тахт учун курашларда ана шундай бири-бирини алмаштириб турган ғалабалар ва мағлубиятлар орқали тобора тобланиб боради.
Туғма истеъдод дейишимизга сабаб, унинг томирида темурийлар қони оқарди. Тарихчи олим Бахтиёр Ҳайдаров таъкидлаганидек, унинг отаси Умаршайх Мирзо Амир Темурнинг бешинчи авлоди бўлса, онаси Қутлуғ Нигорхоним Чингизхоннинг ўн тўртинчи авлоди эди.
1501–1504-йиллардаги курашлардан сўнг Бобур Мирзо ота юртини тарк этишга мажбур бўлади. Ҳисор тоғлари оша Афғонистонга йўл олади. Айнан саркардалик маҳорати ва бу ерда юзага келган қулай сиёсий вазиятдан тўғри фойдаланиши туфайли Ғазни ва Кобул шаҳарларини эгаллайди. 1507-йилда эса Ҳиндистонга юриш қилади. Дастлабки уриниши кўзлаган натижани бермайди. 1519-йилдан бу ўлкани эгаллашга жиддий киришади. Бир неча ҳарбий юришлари муваффақиятли кечади. Ниҳоят 1526-йилда Панипатда Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг кишилик лашкарини 12 минг кишилик қўшини билан енгиб, бу шаҳарни қўлга киритади. Шу тариқа жангда ғалаба қозониш учун аскарлар сони эмас, ҳарбий санъат муҳимлигини исботлайди. Атрофидагиларнинг садоқати, мардлик ва жасорати ҳам унга ёрдам беради.
Сўнг Рано Сангони мағлубиятга учратиб, Шимолий Ҳиндистоннинг жуда катта қисмини эгаллайди. Ушбу тажрибали саркарда билан жанг олдидан у оташин нутқ сўзлаб, бутун қўшинининг руҳини кўтаради. Ушбу муҳорабада тўпларни ишлатади. Шунингдек, «тўлғама», яъни душман лашкарининг қанотларини айланиб ўтиб, қақшатқич зарба бериш усулини қўллайди.
Ёвнинг жанговар филлари томон Бобурнинг навкарлари ёндирилган ғилдиракларни думалатиб юборишади. Оташдан чўчиган жониворлар ортга бурилиб, ёғий аскарларини янчиб, қочишга тушишади. Ана шу ғалабадан сўнг Бобур Ҳиндистон заминида улуғ салтанат барпо қилади. Бобурийлар бу ўлкада
300 йилдан ортиқ, яъни инглизлар истилосигача ҳукмдорлик қилишади.
Айниқса, Ҳиндистоннинг тараққиётига Бобур ва
унинг авлодлари беқиёс ҳисса қўшишади. Авваламбор, мамлакатни бирлаштириб, марказий ҳокимиятни кучайтиради. Натижада ўзаро урушлар барҳам топиб, юртда тинчлик-осойишталик ҳукм суради. Бу эса маданиятнинг, савдо-сотиқнинг ривож топишига қулай шарт-шароит яратади.
Бобур ўз салтанатида ободонлаштириш, илм-у фанни тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратади. Кўплаб бунёдкорлик ишларига раҳнамолик қилади. Унинг даврида деҳқончилик ривож топади. Бобурнинг халқпарварлиги яна шунда кўринадики, маҳаллий аҳолининг дини, урф-одатларини ҳурмат қилади. Шунинг учун ҳам буюк ҳинд халқининг меҳр-у муҳаббатини, ҳурматини қозонади.
Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.
