ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7251-сонли ҳарбий қисмда 1-июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини катта шодиёналар билан ўтказиш анъана тусини олган. Бу йилгиси ҳам аввалгиларидан асло қолишмади.

– Ҳарбий хизматчилар фарзандлари ва ҳарбий қисм жойлашган ҳудуддаги кам таъминланган оилалар фарзандлари байрамни кўнгилдагидек нишонлаши учун қўшин қўмондонлиги ва ҳарбий қисм раҳбарияти алоҳида тайёргарлик кўрди, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, маёр Феруз Саидов. – Жумладан, болажонлар учун 900 дан ортиқ ҳар хил совғалар тайёрланди. Яна кўчма аттраксионлар олиб келиб, ўрнатилди. Мақсадимиз – болажонларимиз байрамни шоду хуррамликда ўтказсин.

Эрталабдан ҳарбий қисмга кириб келаётган болажонларни ҳарбий хизматчилар турли совғалар, салқин ичимликлар билан кутиб олишди. Шундан сўнг болажонлар турли аттраксионларда ўйнаб қувнашди. Улар учун ташкил этилган консерт томошаларида турли мулътфилъм қаҳрамонлари билан рақсга тушишди. 

– Икки нафар фарзандим бор. Ҳар йили шу кун келишини сабрсизлик билан кутишади, – дейди кичик сержант Ғолиб Алиэв. – Бугун улар байрам совғаларини олиб, аттраксионларда маза қилиб ўйнашди. Бунинг учун қўшин қўмондонлиги ва ҳарбий қисм раҳбариятига миннатдорлик билдираман.

Тадбирда китоб ярмаркасининг ташкил этилгани ҳарбий хизматчилар ва болажонлар учун ажойиб совға бўлди. Улар ўзлари ёқтирган китобларни сотиб олишди. Шунингдек, тадбир давомида турли викториналар, мактаб ўқувчиларининг спорт ва жанговар чиқишлари намойиш этилди. Хуллас, байрам тадбири болажонларга олам-олам қувонч бағишлади.

Фозилжон Мамашарипов,

“Постда” мухбири.