Фарзандлар – умримиз мазмуни, болалар инсоният ҳаётининг моҳиятидир. Улар борлиги учун тамаддун чархпалаги ҳамон айланиб турибди.
Кўзимиз қувончи, эртамиз эгаси бўлган болажонларни асраб-авайлаш, комил инсонлар этиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг орзуси саналади.
Гўдаклар табассуми – олам безаги. Айниқса, 1-июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида сайёрамиз болажонларнинг самимий ва беғубор кулгиси билан янада яшариб кетади. Бу сана қуёшли диёримизда ҳам ўзгача интиқлик билан кутилади.
Азалдан болажон бўлган халқимиз шу куни кундалик ташвишларни бир четга қўйиб, фарзандларини истироҳат боғлари-ю кўнгилочар масканларга олиб боришга ошиқади. Уларга турли хил совғалар улашилади. Бу оилада меҳр-муҳаббат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Манбаларга кўра, ушбу халқаро сана 1925-йилда Женевада бўлиб ўтган болалар фаровонлигини таъминлаш масалаларига бағишланган умумжаҳон конференсиясида илк бор эълон қилинган. БМТ ташкил этилгач, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишига айланди ва бу санани нишонлаш янада оммалашди. Ҳозирда дунёнинг кўплаб мамлакатларида ушбу байрам кенг миқёсда нишонланади.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1959-йил 20-ноябрда Бола ҳуқуқлари декларацияси ҳамда 1989-йил 20-ноябрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсия қабул қилинди. Мазкур халқаро меъёрий ҳужжатларни дунёнинг деярли барча мамлакатлари тан олган ва миллий қонунчилигига татбиқ этган. Бмтнинг болалар жамғармаси – УНИCЕФ эса дунёнинг турли давлатларидаги болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Эришилаётган ижобий натижалар билан бирга, дунёда мавжуд муаммолар ҳам талайгина. Масалан, статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 155 миллионга яқин бола мажбурий меҳнатдан азият чекмоқда. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида болаларнинг мажбурий меҳнатига бутунлай барҳам берилди.
Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари қонуний асосда тўла ҳимояланган. Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш учун давлат ва нодавлат ташкилотлар, ихтисослаштирилган институтлар фаолият юритади. Хусусан, Болалар омбудсмани болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, уларни тиклаш, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бола ҳуқуқларига оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилади.
Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, Миллий марказ аҳоли орасида бола ҳуқуқларини тарғиб қилувчи маънавий-маърифий тадбирлар, ўқув курслари ва семинар-тренинглар ўтказиб келади. Бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш, унга халқаро ҳуқуқий нормаларни татбиқ этиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилган. Шунингдек, бола ҳуқуқларига доир ўнлаб илмий ҳамда оммабоп нашрлар чоп этилган.
Худди шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тизимида вояга етмаганлар ўртасида назорацизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қийин аҳволга тушиб қолган ёки зўравонликка учраган болаларни аниқлаш ва уларга ҳуқуқий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи инспектор-психологлар фаолият юритади.
* * *
Инсоннинг инсонийлиги, камолоти унинг кимдан, қандай тарбия топганига бевосита боғлиқ. Зотан, энг юксак инсоний фазилатлар ва миллий қадриятлар айнан тарбия воситасида авлоддан авлодга ўтади.
Бугун бутун жаҳонга Ўзбекистон номини дунёга танитаётган ёш авлод вакилларининг зафарлари ортида кекса авлоднинг беқиёс меҳнати ётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, ҳозир Европанинг етакчи футбол жамоасида муваффақиятли тўп сураётган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановни футбол клубига биринчи бўлиб унинг бувиси Ҳабиба ая етаклаб борган. Ёки жаҳон кубоги соҳиби, гроссмейстер Жавоҳир Синдаровга ҳали
4 ёшлигиданоқ бобоси, юридик фанлар доктори, профессор Комилжон Синдаров шахмат сирларини ўргатган. Жавоҳирнинг ўқиши ва хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришида эса унинг бувиси, халқ таълими аълочиси, устоз педагог Жамила Синдарованинг хизмати катта бўлди.
Набиралар бобо ва бувиларини жондан ортиқ яхши кўрадилар. Бобо ва бувилар эса набираларини ўз фарзандларидан-да азизроқ, суюклироқ деб билишади. Бу ришта – шунчаки яқинлик эмас, балки қалбдан қалбга тортилган меҳр кўпригидир.
Набира – инсоннинг изи, илдизи, давомчиси, қайтиб келган ёшлиги ва аслида узайган умридир.
* * *
Ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжон бувиси айтиб берган эртаклардаги мўжизалар оламида улғайганини мана бу ўлмас сатрларида чуқур миннатдорлик билан ифода этган эди:
Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,
Кўп эртак эшитгандим,
Сўзлаб берарди бувим.
Ушбу самимий эътирофдан биламизки, оддийгина ўзбек аёлининг алласи ва эртаклари халқимизга мана шундай суюкли ижодкорни тақдим этган.
... Хизмат сафарлари билан юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларини кезар эканман, мусиқа асбобларини кўтариб олган набираларини эргаштириб мусиқа мактаблари сари одимлаётган, қўлига тўп тутқазиб спорт майдонларига, мусобақаларга етаклаб келаётган нуронийларимизни кўриб кўзим қувнайди. Турли танлов ва беллашувларда невараларига далда бўлиб, уларни олқишлаб турган отахон-у онахонларимиз билан суҳбатлашиб бир ҳақиқатни англайман: ёши улуғлари эътиборли бўлган оилаларнинг фарзандларида бекорчи вақт бўлмайди. Улар – эртамиз чемпионлари, келажагимиз ижодкорлари, истиқболимиз эгалари. Улар – меҳр-муҳаббатнинг, бахтнинг болалари. Улар – нурдан бунёд нодир авлод.
Шу салоҳиятли ва асл авлод сизнинг, бизнинг, Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги бўлиб камол топсин!
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.
