Самимий шеърлари оҳанграбо қўшиқларга айланиб, ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган лирик шоир Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Шу ерда ўрта мактабни тугатгач, республика Рус тили ва адабиёт институтига ўқишга кириб, уни 1978 йилда битирган.

Ижодга ҳавас уни олий маълумот олгач Тошкентда қолишга ундайди. Ўқишни битириб, Ўзбекистон китобхонлар жамиятига муҳаррир бўлиб ишга киради. Сўнгра, “Тошкент оқшоми” газетасида мухбир, “Ўзбекистон адабиёт ва санъати” газетасида мусаҳҳиҳ, “Ўзбекистон овози” газетасида мухбир, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бош муҳаррир ўринбосари, “Тафаккур” журналида бўлим мудири лавозимларида фаолият юритади.

Шоир 1996 йил шоир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоси бўлади. Аввалига у адабий маслаҳатчи бўли ишлайди. Кейинчалик умрининг охирига қадар Уюшмада раис ўринбосари вазифасида фаолият олиб боради. 

Бадиий ижод билан талабалик давридан шуғуллана бошлаган, аммо шеърга ғоят маъсулият ва талабчанлик билан муносабатда бўладиган Муҳаммад Юсуф илк тўплами – “Таниш тераклар”ни 1985 йилда нашр эттирди. Биринчи китобиёқ уни элга танитди, тўпламдаги шеърлардан дунёга келган дилтортар қўшиқлари эса уни машҳур қилди. Иқтидорли шоирнинг “Булбулга бир гапим бор”, “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима энам аллалари”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Ёлғончи ёр”, “Эрка кийик”, “Осмонимга олиб кетаман” каби кўплаб шеърий китоблари босилиб чиққан. Шоирнинг Ватан, муҳаббат, вафо, тарих, тақдирлар ҳақида куйлаган шеърларида ҳаётга, ҳақиқатга ҳамнафаслик сезилиб туради. Унинг шеърлари оддий, равон, соддалиги билан халқ оғзаки ижодига ҳамоҳанглиги билан ҳам севиб ўқилади.

Муҳаммад Юсуф “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига, “Дўстлик” орденига сазовор бўлган. Алоҳида эътироф этиш жоиз, у ўша кезлари Ўзбекистондаги энг ёш халқ шоири эди.

Пойтахтимизнинг Адиблар хиёбони ҳамда ўзи туғилиб ўсган Марҳамат туманида шоирнинг ҳайкали ўрнатилган.

Адолат ФАЙЗИЭВА тайёрлади.