Бугун ўзбек адабиётининг забардаст адиби Абдулла Қаҳҳор таваллуд топган кун. 1907-йилда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган серқирра иқтидор соҳибининг ижод йўли 1924-йилдан бошланган. Унинг илк «Ой куйганда» ҳажвий шеъри «Муштум» журналида босилган. У ўзининг «Шоҳи сўзана», Оғриқ тишлар», «Тобутдан товуш», «Аяжонларим» комедиялари билан ўзбек драматургияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди.
Уруш йилларида ёзувчининг бир қанча фелъэтон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. «Асрор бобо», «Дардақдан чиққан қаҳрамон», «Кампирлар сим қоқди», «Хотинлар» ҳикоялари ва «Олтин юлдуз» каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган.
Ўзбек насрнафислиги ривожида унинг “Сароб”, “Қўшчинор чироқлари” романлари, шунингдек, “Синчалак” ва “Ўтмишдан эртаклар” қиссалари алоҳида ўрин тутади. “Ўтмишдан эртаклар”да муаллиф хотирасида чуқур из қолдирган одамлар ҳақида сўзлайди.
Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор таржимасида М. Горъкийнинг «Менинг дорилфунунларим», И. В. Гоголнинг «Ревизор», Л. Н. Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романи (И — ИИ китоблари) ва бошқа бир қатор асарларни ўз она тилларида ўқишга муваффақ бўлганлар.
Абдулла Қаҳҳор адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан тақдирланган. У 1968-йил 25-май куни Москвада 61 ёшида вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
