Ёзувчи таржимон, танқидчи Иброҳим Ғафуров 1937 йил 27 декабрда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилди.

1956-1961 йилларда ҳозирги Ўзмунинг филология факултетида таҳсил олган. 1961-1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. 1995 йилда “Миллий тикланиш” демократик партиясини ташкил этиш ташаббускори бўлган. У мазкур партиянинг раиси (1996 йилдан), “Миллий тикланиш” газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади.

Иброҳим Ғафуров “Гўзалликнинг олмос қирралари”, “Унутилмаган боғ”, “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Ям-яшил дарахт”, “Юрак – аланга”, “Лириканинг юраги”, “Шеърият – изланиш демак”, “Ўттиз йил изҳори”, “Тил эркинлиги” сингари адабий танқидий, бадиа китоблар муаллифи. У “Дарвоза”, “Ҳумо қушим”, “Қалдирғочим” сингари шеърий насрлар ёхуд мансуралари билан ҳам халқимиз орасида ҳурмат қозонди.

Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг “Жиноят ва Жазо”, “Телба”, “Қиморбоз” (Доcтоевский), “Азизим” (Мопассан), “Алвидо, қурол”, “Чол ва Денгиз” (Э.Хемингуей), “Қиёмат”, “Чингизхонинг оқ булути” (Чингиз оқ булути), “Ёнғин” (В.Распутин) сингари асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Иброҳим Ғофуров филология фанлари номзоди, Ўзбекистон ёшлари мукофоти лауреати, “Дўстлик” ордени соҳибидир. Халқимизнинг севимли адиби “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” сингари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган.