Абдулла Орипов 1941-йил 21-мартда Қашқадарё вилояти Косон туманига қарашли Некўз қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган. Ўзбек адабиётига 1965-йилда «Митти юлдуз» шеърий тўплами билан кириб келган шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) сингари китоблари нашр этилган. «Соҳибқирон» шеърий драмаси республиканинг барча йирик театрларида саҳналаштирилган.
Дантенинг «Илоҳий комедия»сини, А. Н. Некрасов, Л. Украинка, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган. А. Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи ҳамдир. Ҳамза ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати.
Сен баҳорни соғинмадингми?
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим –
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Узоқлардан зарворли тоғлар,
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Унгурларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқорилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Мана, бугун Наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, суюкли эркам…
Қўлимда гул сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман:
– Сен баҳорни соғинмадингми?
