Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Шукур Холмирзаев 1940 йили 24 мартда Бойсун туманида туғилган. Тошкент университетининг журналистика факулътетини тугатган. «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир (1963—67), Муқимий номидаги мусиқали драма театрида адабий эмакдош (1967—69), «Гулистон» (1969—75) ва «Шарқ юлдузи» (1978—80) журналларида адабий ходим, бўлим мудири бўлиб ишлаган.
Холмирзаевнинг “Қария”, “Бодом қишда гуллади” ҳикояларини, “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, “Тоғларга қор тушди” қиссаларини, “Қора камар”, “Зиёфат” драммаларини ўқимаган ўқувчи бўлмаса керак. Қаҳрамонларининг оддий тили, характерлардаги самимийлик, табиийлик китобхонни гўёки жонли мулоқотга чорлагандек бўлади.
Ёзувчи ижоди орқали ўзбекнинг ўзбеклик туйғуси қандай намоён бўлишини жудаям жўн, содда йўсинда кўрсатиб берди. У одамни билиш нуқтаи назаридан жудаям буюк ижодкор эди. Буни “Олабўжи” романи мисолида ҳам кўриш мумкин. Унда шахс ва жамият муаммосини яққол очиб берган.
Адиб ўз ҳикояларида Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор каби ўзбек ёзувчиларининг энг яхши анъаналарини давом эттириш билан бирга ўзбек ҳикоянавислигини рус ва Европа ёзувчиларининг бадиий тажрибалари билан ҳам бойитди. Айтиш керакки, Шукур Холмирзаевнинг энг яхши ҳикоялари қаҳрамон образининг янги ва ёрқинлиги, композисиясининг ўзига хослиги, қаҳрамонлар тилининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Шукур Холмирзаевнинг ҳикоя ва қиссаларида, бир томондан, ёшлик ва талабалик йилларининг ўзига хос романтикаси ифодаланган бўлса, иккинчи томондан, ёзувчи туғилиб ўсган Бойсун туманида яшовчи турфа табиатли кишилар ҳаёти, жамиятда ва улар руҳий оламида кечган кураш ва ўзгаришлар ўзининг бадиий талқинини топди. Кейинчалик Бойсун ва бойсунликлар ҳаёти Шукур Холмирзаев ижодининг асосий мавзуси даражасига кўтарилиб, ёзувчи ижодида реалистик тасвирнинг устувор йўналишга айланишида муҳим омил бўлди.
Ўткан йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адиб таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Хотира мангу абадийдир” деб номланган хотира кечаси ўтказилди.
Адолат ФАЙЗИЭВА тайёрлади.
