Ички ишлар вазирлиги 1-сонли Тошкент академик лицейи ўқувчилари ғазал мулкининг султони, Низомиддин мир Алишер Навоий ҳазратлари таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий номидаги Адабиёт музейига ташриф буюришди. Ўқувчиларни юксак ватанпарварлик руҳида, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва эстетик тарбиялашни таъминлайдиган ҳамда маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этиш мақсадида ташкил этилган тадбир таассуротларга бой ўтди.

– Музейга ташриф чоғида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутганлиги борасидаги маълумотлар билан яна бир бор танишишга муваффақ бўлдик, – дейди 108-гуруҳ ўқувчиси Камол Камал. – Бундан ташқари, Адиблар хиёбонига ҳам ташриф ташриф буюриб, у ердаги Алишер Навоий бобомиз ҳайкали хотирасига эҳтиром кўрсатдик.

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.