Яқинда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Навоий вилоятида жойлашган 7532-ҳарбий қисм қўмондонлиги ва унинг 3-баталъонида буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий ғазал мулкининг султони” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган давлат ва жамоатчилик вакиллари атоқли шоир ва мутафаккирнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки дунё адабиёти тарихида ҳамда миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Шунингдек, иштирокчилар А. Навоий ўз ижодида юксак умуминсоний ғоялар, улкан сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олганлигини келтириб ўтишди.
Шу боисдан, сўнгги йилларда буюк шоирнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимиз ва хорижда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини янада абадийлаштириш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилаётганига ҳам тўхталиб ўтишди.
Шундай қилиб, мазмунли тарзда ўтган ушбу тадбир якунида унда фаол иштирок этганларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
