Абдуллоҳ Лутфуллаев ИИВ 1-сонли Тошкент академик лицейида таҳсил олади. Инглиз тилини пухта ўрганиб, тинимсиз изланиш ва интилишлари натижасида ўтган йили октябр ойида халқаро ИЭЛЦ (7,5 балл даражаси) сертификатини олди. Жорий йил январ ойида эса бир неча хорижий университетларга бакалавр таълим босқичи бўйича ҳужжат топширди ва биратўла барчасида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, дунёнинг 300 та энг кучли университети рўйхатидан жой олган Буюк Британиянинг «Қуээн Марй Университй оф Лондон», «Университй оф Бирмингҳам», «Университй оф Суррей», «Сwансеа Университй» таълим муассасаларига халқаро ҳуқуқ мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинди. Улардан «Сwансеа Университй»ни танлаб, шу ерда таълим олишга қарор қилди. 

Зиёли оилада туғилиб ўсган ёш қаҳрамонимиз ота-онаси, бобо-бувиларининг ўгитлари, панд-насиҳатларига амал қилди. Болалигиданоқ китобга ошно тутинди, ўқиди-ўрганди. Қисқаси, унинг билимли, тарбияли, эркин ва мустақил фикрлай оладиган фарзанд бўлиб етишишида оилавий муҳитнинг таъсири катта бўлди.

Абдуллоҳ 2020-йили болалик орзу­сини рўёбга чиқариш йўлида илк қадамини ташлади: ИИВ 1-сонли Тошкент академик лисейига юқори балл тўплаган номзодлар қаторида ўқишга қабул қилинди. Таълим жараёнида ички ишлар органларида кўп йиллар хизмат қилган малакали устозлардан билим олди. Бу ердаги қатъий тартиб-интизом унда ватанпарварлик, фидойилик ва масъулият ҳисларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. 

Дарвоқе, шу йил феврал ойи­да «Эл-юрт умиди» жамғармаси илғор хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 2022-йилги биринчи стипендия танловини эълон қилди. А.Лутфуллаев давлат ва жамият бошқаруви таълим йўналишида ҳуқуқ мутахассислиги бўйича танловнинг барча синовларидан муваффақиятли ўтиб, жамғарма стипендианти бўлди.

Унинг келгусидаги орзулари бир олам. Жаҳоннинг нуфузли университетида таҳсил олиб, малакали кадр сифатида ота-онаси ва халқининг ишончини оқлаш. Ватанга муносиб фарзанд бўлиб, юрт тинчлиги ва осойишталиги ҳамда ривожига муносиб ҳисса қўшиш. Чўққиларни кўзлаётган ўғлонга бу йўлда фақат омад тилаймиз.

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.

Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.