Ҳар бир халқнинг ўз табиий шароити ва истагига кўра ўзи севган ичимлиги ҳамда егулиги бўлар экан. Масалан, японлар – гуруч, қора кунжут, соя ўсимлиги маҳсулотларини, инглизлар – конфетни, финлар – қаҳвани, болгарлар – шакарни, америкаликлар – гўштни севиб истеъмол қилишаркан. Чойхўрликда эса ўзбек ва ирландларнинг олдига тушадигани йўқ.
Чой таркибидаги полифенол рак ва бошқа нуқсонларнинг олдини олади. У қон ва тўқималарда тўпланиб, рак ҳужайраларини йўқ қилади. Японияликлар кўк чой одам танасини радиактив моддалардан тозалашини аниқлашган. У мия фаолиятини яхшилайди, қон томирлари қайишқоқлигини оширади, қон босимини пасайтиради, танани даҳмаза моддалардан фориғ этишда муҳим ролъ ўйнайди. Агар ҳомиладор аёл кўк чой ичса, чақалоғи бенуқсон туғилади. Қисқаси, кўк чойнинг бошқа чойларга нисбатан зарари жуда кам. Аммо кўк чой баъзиларда мижозни сустлаштиради, силласини қуритади, одам танасидаги зарур микроэлементларни ювиб кетади.
Қора чойнинг ҳам ўзига яраша фойдали томонлари етарли. Шотландиялик олимлар аниқлашича, қора чой қандли диабетга чалинган беморларга ижобий таъсир қилар экан. Хусусан, инсон организмида қандли диабет хасталиги ривожланишига қарши иммунитет ҳосил қилади. Яна унинг таркибидаги полифенол моддаси инсулин ўрнини босар экан...
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одам организми саралаш хусусиятига эга. У чойни ҳам таҳлиллайди. Бу ўша киши яшаётган жой ва иқлимга боғлиқ. Шу туфайли қора ёки кўк чой ичилади. Муҳими, чой сизни тетиклаштириб, кайфиятингизни кўтарса бас. Чойга марҳамат, азизларим!
Мирзоқул АҲАДОВ тайёрлади.
