Ўзбекистон Миллий энсиклопедиясида гербга шундай таъриф бери­лади: «Герб (полякча — «ҳерб», нем. «ербе» — «мерос» сўзидан олинган) — бирон-бир мамлакат ёки ҳудудининг сиёсий ва тарихий характердаги ғоялари мажмуасини, ўзига хос табиий ва хўжалик хусусиятлари, табақавий тафовутларини, шахс, уруғ ва бошқалар­нинг шажараларини ифодаловчи алоҳида рамзий белги». Ушбу таърифдан келиб чиқиб, шартли равишда: «Давлат герби – давлат рамзларидан бири бўлиб, унда давлатнинг миллий, сиёсий, иқтисодий хусусиятлари, ижтимоий ва давлат тузуми, географик ва бошқа белгилари ўз ифодасини топади», – дейиш мумкин. 

Тарихий маълумотларга қараганда, гербларнинг дастлабки элементлари антик даврларда пайдо бўлган. Жумладан, Шумер давлатининг рамз­ларида шер бошли бургут, қадимги Рим давлати рамзида эса бургут тасвирланган. Соҳибқирон бобомиз Амир Темир салтанатининг ҳам ўз тамғаси бўлган. Европада ўрта асрларда кўпгина шаҳарлар ҳам ўз гербига эга эди. Масалан, Венеция гербида қанотли шер акс этган. 

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, ушбу давлат рамзи 1992-йил 2-июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»га қонун билан тасдиқланди. Мазкур қонуннинг 2-моддасида шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир».

Дарҳақиқат, гербимиз юқоридаги талабга тўла жавоб беради. Унда тоғлар, дарёлар ўз аксини топган. Гербимизнинг сўл томонидан ризқ-у рўзимиз тимсоли бўлган буғдой бошоқлари ўрин олган. Ўнг томонида эса чаноқлари очилган ғўза шохлари тасвирланган. Буғдой бошоғи ва ғўза шохидан иборат чанбар ўртасида яшнаб турган кўм-кўк водий. Ушбу жаннатмонанд водий узра сахий Қуёш заррин нурларини сочиб турибди. Халқимизнинг орзуси ҳам шу – озод ва обод диёримиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин, Қуёш тоабад ўлкамиз узра нур сочаверсин.

Гербнинг юқори қисмида юртимиз ҳурлигининг рамзи бўлган саккизбурчак ичида ярим ой ва юлдуз акс этган. Илоҳим, ойдин тунлар Ватанимиз осмонини юлдузлар безаб турсин. Мен бу тасвирни ана шундай тушундим. Гербнинг марказида Ҳумо қанотларини ёзиб турибди. Азалдан у бахт, омад қуши саналган. Ҳамиша бошимиз узра Ҳумо қанот қоқаверсин, мустақиллигимиз, эркимиз абадий бўлсин. Давлатимиз герби халқимизнинг ана шундай эзгу орзу тилакларини ўзида ифода этади. Шунинг учун ҳам элимизнинг ардоқли шоири Эркин Воҳидов фахр-у ифтихор билан қуйи­даги сатрларни битган эди:

Бошингда Ҳуррият 

қуёшинг бордир,

Ўз Туғронг, Байроғинг, 

Юртбошинг бордир.

Юқоридаги қонунда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири доимий равишда қайси ташкилотлар биноларининг олд томонига, мажлислар залларига жойлаштирилиши қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлис палаталарининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда республика давлат бошқаруви органларининг бинолари шулар жумласидандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу рўйхатдан Ўзбекистон Рес­публикасининг Давлат чегараларида ўрнатиладиган сарҳад устунлари ҳам ўрин олган. Яъни мазкур устунлар­даги гербимиз тасвирлари ҳур диёримиз қаердан бошланишини англатиб туради.

Мазкур қонунга кўра, Ўзбекис­тон Республикаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ўхшаш бўлишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, Ўзбекис­тон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. 

Гербимиз, авваламбор, давлатимиз рамзи, мустақиллигимиз тимсолидир. Қолаверса, эзгу орзу-умидларимиз, эл-у юртимизга меҳр-у муҳаббатимиз ифодасидир. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз учун мўтабар, азиз ва муқаддас саналади.

Шундай экан, юртимизнинг барча фуқаролари, қолаверса, мамлакатимизда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилишлари лозим. Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисидаги қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилган шахслар амалдаги қонун ҳужжатла­рида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ҳар гал давлатимиз рамзлари, ху­сусан гербимиз ҳақида ўйлаганимда ушбу шеърий сатрлар хаёлимдан ўтади:

Бошинг узра эрк Қуёши порлаб 

турсин, она халқим,

Ҳумо қуши бахт, толега чорлаб 

турсин, она халқим.

Эгнинг бутун, ризқинг бутун, 

бағринг бутун, она халқим,

Борим фидо, жоним фидо, 

сенинг учун, она халқим.

Бобомурод ТОШЕВ

тайёрлади.