ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамблининг хушовоз хонандалари, сўз усталари иштирокида Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Сариосиё туманлари марказий ўйингоҳларида ҳамда Термиз шаҳридаги Санъат саройида консерт дастурлари намойиш этилди. 

Консерт дастурларида ижро этилган куй-қўшиқлари, дилтортар наволари, ҳангомалар ташриф буюрган томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.

Консерт дастури давомида ўтказилган “Омадли иштирокчи” ўйинида фаол иштирок этганлар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Консерт дастури якунида эса, ИИВ Маданият саройи бошлиғи, подполковник У.Тиллаев бошчилигидаги санъаткорлар ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ва фарзандлари билан дилдан суҳбат қуриб, уларга эсдалик совға-саломларини улашишди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг тегишли фармойиши асосида “Дилларда Ватан мадҳи” шиори остида ўтказилган қўшиқ ва шеърият танловининг вилоят босқичида фахрли ўринларни эгаллаган ёшларга диплом, пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Консерт дастури давомида вилоят ИИБ таркибига кирувчи соҳавий хизматларнинг махсус техникалари, қурол-аслаҳалари ҳамда Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядининг жанговар чиқишлари намойиш этилди. 

Ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.