Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан ИИ Жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларига эҳтиром кўрсатилди.
Фарғона шаҳрининг Ибн сино кўчасида истиқомат қилувчи фронт орти меҳнат фахрийси Қўчқор ота Дадажонов шу кунларда 96 ёшни қарши олди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраэв байрам куни Қўчқор отанинг хонадонига бориб, у билан самимий суҳбатлашди. Нуронийга байрам соғалари тақдим этилди.
Олтиариқлик Тўланбой ота Шокиров ҳам урушнинг тирик афсонаси. Урушда қатнашиб, юртга эсон-омон қайтганидан сўнг ички ишлар тизимига ишга кириб, 30 йил эл-юрт осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фахрий бугун набиралари ва чевараларининг дуогўйига айланган. Шу куни Тўланбой отанинг ҳолидан хабар олиниб, унга эҳтиром кўрсатилди. Пул маблағи ва байрам совғалари топширилди.
Риштонлик ИИ Жаҳон уруши қатнашчиси ва ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги маёр Мирзааҳмад ота Сулаймонов ҳам ёшлик ва навқиронлик йилларини жангоҳларда ўтказган. Урушдан кейин 30 йил давомида ички ишлар органлари сафида фидокорона хизмат қилиб, нафақага чиққан.
Бошқарма раҳбарияти Мирзааҳмад отани йўқлаб, унга Ички ишлар вазирлиги томонидан ажратилган пул маблағи ва байрам совғаларини топширишди.
Барча фахрийларга Юртбошимиз ва Ички ишлар вазирининг байрам табриклари ўқиб эшиттирилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.