Замондошларимиз орасида бутун фаолиятини эл-юрт осойишталигини таъминлашга бахшида этган кўплаб ички ишлар органлари ходимлари бор. Ҳаётини шу муқаддас она Ватан тақдири билан чамбарчас боғлаган ана шундай фидойилардан бири юридик фанлар доктори, истеъфодаги полковник Абдуғафур Саттаровдир.
Ҳар бир инсоннинг шахс сифатида шаклланиб, ҳаётда муносиб ўрин топиши, аввало, оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга боғлиқ. Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган Абдуғафур ака болалигидан китобга меҳр қўйди. Оиладаги ижобий муҳит унинг таълим-тарбиясида муҳим ўрин тутди. Мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган қаҳрамонимиз Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факулътетини ҳам имтиёзли диплом билан тугатди.
Ўқишни тугатгач, 30 йил давомида ички ишлар органларида ва ИИВ Академиясида турли раҳбарлик лавозимларида сидқидилдан меҳнат қилиб келди. Абдуғафур Саттаров хизматдан ажралмаган ҳолда, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Иброҳим Мўминов номидаги фалсафа ва ҳуқуқ институти аспирантурасига ўқишга кирди ва номзодлик диссертасиясини муваффақиятли ёқлаб, юридик фанлар номзоди илмий даражасига эга бўлди.
1987–1988-йилларда Москва шаҳридаги собиқ иттифоқ ИИВ Академиясининг раҳбар кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш факулътетида таҳсил олди. Унинг ўзига хос интеллектуал салоҳияти илм йўлида изланишларни давом эттиришга ундади. Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлимининг докторанти бўлди. 2001-йилдан ИИВ Академиясининг инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти кафедрасига раҳбарлик қила бошлади. Докторлик диссертасиясини ҳам муваффақиятли ёқлади.
А. Саттаров ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиш билан бирга, илмий-педагогик фаолиятини ҳам мунтазам равишда олиб борди. У диссертасия ҳимоясини муваффақиятли якунлаган 10 дан ортиқ фан доктори ва фан номзодларининг устози, амалиёт соҳасида хизмат қилаётган юзлаб шогирдлар уни ўзларининг мураббийи деб билади.
У намунали оила бошлиғи ҳамдир. Турмуш ўртоғи Марҳамат опа билан икки ўғил, икки қизни тарбиялаб камолга етказди. Ўғиллари ота изидан бориб, мамлакатимиз тинчлик-осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Невара-чеваралари қуршовида умргузаронлик қилаётган Абдуғафур ака ҳамон ғайрат-шижоатли. ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзоси сифатида фахрийлар ҳолидан хабар олиш ва улар иштирокида турли тадбирларни ташкил этишда амалий таклифлари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Ҳозирги кунда истеъфодаги полковник А. Саттаров ИИВ Касаба уюшмалари қўмитасида бош мутахассис лавозимида хизмат қилиб, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида турли спорт мусобақалари ўтказиш каби эзгу ишларга бош-қош бўлмоқда.
Бугунги кунда кўплаб ички ишлар органлари фахрийлари маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва бошқа халқ фаровонлигини оширишга ҳисса қўшувчи турли соҳаларда хизмат қилмоқда. А. Саттаров мамлакатимиз миқёсида фахрийлар билан ёш ходимлар ўртасида уч авлод учрашувлари ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этиб, ўзининг тажрибаларини ёш ходимлар билан баҳам кўриб келмоқда. Бундай тадбирлар ёшларни ватанпарварлик ва касбга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
Шунингдек, мамлакатимиз миқёсида ички ишлар органларининг қуйи тизимида фаолият юритаётган бирламчи касаба уюшмалари ташкилотлари иш жараёнини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам эътироф этиш лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳамон эл хизматига камарбаста бўлиб келаётган истеъфодаги полковник Абдуғафур Саттаровни қутлуғ 65 ёши билан қутлар эканмиз, унга узоқ умр, оилавий хотиржамлик тилаб қоламиз.
Шерзод АБДУСАМАДОВ,
ўз мухбиримиз.
