Фарғона вилояти яна бир катта маънавий-маърифий тадбирга мезбонлик қилди. Вилоятнинг барча шаҳар-туманларида, айниқса, чекка маҳаллаларида “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида консерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар, ижодий учрашувлар, энг сара филъмлар намойиши бўлиб ўтди.

30-майдан 6-июнгача бўлиб ўтган тадбирларда пойтахтдан келган 300 нафардан зиёд маданият, санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғибочилари иштирок этди.

Фарғоналиклар азалдан маданият ва санъатни қадрлашади. Шу маънода, элимиз суйган санъаткорлар ва ижодкорлар билан ўтказилаётган гурунглар, учрашувлар барчага кўтаринки руҳ бағишлади. Шунингдек, тадбир доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Китоб карвони” ташкил этилиб, беш мингдан зиёд китоблар туҳфа қилинди.

“Кинокарвон” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда кино санъатимизнинг 100 та энг сара намунаси ва сўнгги йилларда тасвирга олинган филъмлар намойиш этилиб, киноижодкорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Тадбирларнинг тинч ва осойишта ўтишига ички ишлар органлари ходимлари муносиб ҳисса қўшишди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.