ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамбли жамоаси томонидан Фарғона вилояти бўйлаб хайрия консертлари намойиш этилди.
Фарғона шаҳрида ташкил этилган мазкур кечада ушбу ҳудудда хизмат қилаётган осойишталик посбонлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Вазирлик раҳбарияти ташаббуси билан ҳар йили республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб келинаётган мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳам хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳамда ногирон бўлиб қолган ходимларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлодни она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Концерт дастури давомида ҳалок бўлган ходимларнинг хотираси ёдга олиниб, уларнинг фарзандлари ва яқинларига вилоят ИИБ раҳбарияти ҳамда ансамбл жамоаси томонидан совғалар ҳадя қилинди.
Кўтаринки руҳда ўтган мазкур кечада таниқли хонандалар ватанпарварлик, тинчлик, меҳр-оқибат ва муҳаббатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этишди. Ичакузди латифалар эса, барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Бу каби тадбирлар Қўқон шаҳри ва олис Сўх туманида ҳам бўлиб ўтди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
