Фарғонада 300 гектарлик майдонда Экошаҳар бунёд этилаётганидан кўпчиликнинг хабари бор. Ушбу шаҳарда қурилаётган осмонўпар биноларга янада кўрк бериш учун “Янги Ўзбекистон” боғи ташкил этишга ҳам киришилди.

 70 гектардан иборат ушбу боғнинг дастлабки 10 гектарида ноябръ ойининг сўнгги ўн кунлигида дарахт экиш тадбири амалга оширилган бўлса, шу кунларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яна 29 гектар майдонга каштан, дуб, чинор, лола дарахти, каталъпа каби 16 турдан зиёд турли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Бу жараёнда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этиб, 40 мингдан зиёд аҳоли учун мўлжалланган Экошаҳарда амалга оширилаётган ишлар, дарахт экиш жараёнларини кўздан кечирдилар.

Таъкидлаш зарурки, “Янги Ўзбекистон” боғи ҳудудида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ҳамда турли ташкилотлар ўз боғларини бунёд қиладилар. Шу сабабли ҳар бир тизим раҳбарлари боғнинг ўзларига ажратиб берилган қисмига юқори кайфиятда кўчат экдилар. Бу жараёнда вилоят ички ишлар органлариниг бир гуруҳ ходимлари ҳам фаол иштирок этишди.

Қайд этиш зарурки, “Янги Ўзбекистон” боғини яратиш иштиёқи фарғоналикларни ягона мақсад йўлида бирлаштирди. Нуроний отахонлар дуога қўл очиб, эзгу ишга қут-барака, янги боғнинг бунёдкорларига куч-қувват тиладилар.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.