Кичик сержант Алишер Рўзметов Янгиариқ туманидаги Остона қишлоғида таваллуд топган.

  Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтаган Алишер Ватан ҳимояси нақадар муқаддас эканлигини янада теранроқ англаб етади. Хизматдан қайтгач, Урганч автомобил ва йўллар техникумида таҳсил олади. Ўқишни тугатиб, вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси томонидан ўтказилган номзодлар танловида муваффақиятли иштирок этади ва ППХ ва ЖЦБ ППХ баталонига хизматга қабул қилинади. У жамоат тартибини сақлаш, белгиланган ҳудудлар осойишталигини таъминлашда сидқидилдан хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлди. Ёш бўлса-да, хизмат вазифасига масъулият билан ёндошаётган бу йигит содир этилган жиноятларни фош этишда ҳам фаол иштирок эта бошлади.

  Қиш ойи. Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши натижасида кўчаларда деярли одамлар кўринмайди. Одатдагидек, тунги хизматга жалб этилган сафдор Алишер Рўзметов Урганч шаҳар “Наманган” кўчаси бўйлаб келаётган шубҳали кимсаларга кўзи тушди. Тунги соат тахминан 3:00ларда уларнинг қаердан келаётгани билан қизиққан Алишер зудлик билан қўлидаги алоқа воситаси орқали ён томондаги кўп қаватли уйлар оралиғини кўздан кечираётган ҳамкасбини ёрдамга чақиради. Кўп ўтмай улар шубҳали кимсаларга пешвоз чиқишди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини сўрашди. Кутилмаган бу вазиятдан саросимага тушган йигитлардан бири қочмоқчи бўлди. Аммо, ҳушёрлик билан уларни кузатиб турган сафдор Алишер Рўзметов бунга йўл қўймади. Хуллас, шубҳали кимсалар зудлик билан шаҳар Иибга олиб келинди. Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, ушбу кимсалар муқаддам судланган урганчлик Н. Сергей ва Б. Артур бўлиб чиқишди. Улар ўша тунда “Наманган” кўчасидаги хонадонлардан бирида яшовчи Наталя исмли аёлнинг уй-рўзғор буюмларини ўғирлаб, хилватроқ жойга яширишганини тан олишди. Жабрланувчи К. Наталя жиноятчилар қўлга олингани ҳамда ўғирланган буюмлари топилганидан хурсанд бўлиб, осойишталик посбонларига миннатдорлик билдирди.

     Кичик сержант Алишер Рўзметов бир неча йил вилоят ИИБ Ахборот маркази ҳамда моддий техника ва хўжалик бўлимида хизмат фаолиятини давом эттирди. Устозлари подполковник Ойбек Рустамов, маёр Даврон Жалоловлардан касб сирларини янада чуқурроқ ўрганишга интилди.

  Айни пайтда у вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма навбатчилик қисми “102 тезкор хизмат” оператори вазифасида сидқидилдан хизмат қилмоқда.

                                                                  Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                          “Постда” мухбири.