Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги арафасида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танловининг Фарғона вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танловда ҳамкасбимиз – “Постда-На посту” газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Абдувосит Сидиқов ҳам муносиб иштирок этиб, “Журналистлар томонидан нашр этилган публицистик мавзудаги китоблар” номинацияси бўйича фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Аҳмад-Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди.

Абдувосит Сидиқов ўзининг вилоят ички ишлар органлари тарихи билан боғлиқ “Фарғонанинг фидойи фарзандлари” ҳамда публицистик мақолалардан иборат “Қалдирғочлар қайтган кун” номли китоблари учун ушбу нуфузли танлов ғолиблари қаторидан муносиб жой олди.

Ҳамкасбимизни ушбу мукофот билан самимий табриклаб, ҳаёт ва ижодида улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.