Куни кеча Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 32 йиллиги муносабати билан ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшинларига қарашли 7251-ҳарбий қисмда «Аскар оналарини шарафлаймиз!» шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда шахсий интизоми ва хизмат вазифаларини виждонан ҳамда намунали бажариши орқали сафдошларига ўрнак бўлиб, Ватанимизга, Президентимизга, халқимизга ва ўз қасамёдига содиқлигини намоён этиб келаётган муддатли ҳарбий хизматчиларидан 20 нафарининг ота-оналарига қўшин қўмондони ва ҳарбий қисм командирининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Бугун эса мазкур ҳарбий жамоада «Янги Ўзбекистон армияси - мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир» шиори остида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди. Тадбирда пойтахтимиздаги Темурбеклар мактаби ҳамда Миробод туманидаги 218-мактаб ўқувчилари иштирок этди. Уларга Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватан ҳимоячилари ихтиёридаги янги техникалар ва технологиялар ҳамда ҳарбий хизматчиларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди. Ушбу тадбир кўргазмали машғулот тарзида ўтказилиб, ҳарбий хизматчиларнинг озиқ-овқатлари, кийим-кечаклари, ҳарбий техника ва жанговар қурол-яроғлари намойиш қилинди. Ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига тўлиқ ва батафсил жавоблар олдилар. Ҳарбий оркестр иштироки ҳар иккала тадбирга ҳам ўзгача, тантанавор руҳ бахш этди.
Феруз САИДОВ,
маёр.
