ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7261-сонли ҳарбий қисмда 1 декабръ – Халқаро Оицга қарши кураш куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Семинар-тренинг тарзида бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Тиббиёт бўлими санитария назорат бўлими шифокори Р.Саменова ва ҳарбий қисм тиббиёт хизмати бошлиғи, капитан, шифокор У. Сирожов ОИЦ касаллигининг келиб чиқиши, юқуш йўллари, унинг олдини олиш, профилактикаси борасида зарур маълумотларни айтиб ўтишди. Ҳарбий хизматчиларнинг мавзу юзасидан саволларига мутахассислар батафсил жавоб беришди. Хуллас, ҳарбий хизматчиларнинг бу борадаги тиббий билими оширилди.

Шунингдек, ҳарбий қисмда “Қорақалпоғистон Республикаси давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан маънавий тадбир ҳам бўлиб ўтди. Ҳарбий қисм шахсий таркиби ва Ажиниёз номидаги педагогика институти талабалари иштирок этган тадбирда Қорақалпоқ тилининг тарихи, бугуни ва ривожланиш истиқболлари ҳақида фикр билдирилди. Тадбирда Ажиниёз номидаги педагогика институти профессор-ўқитувчилари Қорақалпоқ тилининг ривожланиши, уни асраб-авайлаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтишди. Тадбир сўнггида эстрада юлдузларининг консерт дастурлари намойиш этилди.

Азамат Қурбанбаев,

шртнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскар.