Маънавият ва маърифат дарси


Бугун илм-фан, замонавий ахборот технологиялари тобора тараққий этиб бормоқда. Хусусан, рақамли технологиялар кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Давлат хизматларини рақамлаштириш аҳолига кўплаб қулайликларни яратади, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилади. Шу боис аҳоли турмуш даражасини янада ошириш учун барча жабҳаларга ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда.

Сўнгги йилларда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан ҳам тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этиш, фуқароларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун қулай шароитларни яратишдек муҳим ва долзарб масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 12 феврал куни бўлиб ўтган Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида тизимнинг барча бўғинларида қоғозбозлик ва бюрократияни кескин камайтириш, иш юритишни рақамлаштириш борасида топшириқ берган эди. Ана шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида ахборот технологиялари бўйича алоҳида вазир ўринбосари лавозими жорий этилди. Қолаверса, Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ички ишлар органлари фаолиятига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш юзасидан бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Аввало, фармонга биноан ички ишлар органлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган «йўл харитаси» тасдиқланганлигини таъкидлаш жоиз. Эътиборли жиҳати, ушбу «йўл харитаси»нинг асосий йўналишларидан бири сифатида тизим фаолиятига рақамли ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш белгиланган. Албатта, бундан кўзланган мақсад фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун қулай шароитларни яратиш, давлат органлари ва идораларида ортиқча қоғозбозлик ва бюрократияни, инсон омилини камайтириш, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, пировардида эса, хизмат самарадорлигини оширишга эришиш ҳисобланади.

Жорий йилда мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни рўйхатга олиш «102» тизими тубдан такомиллаштирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ишга туширилди. Худди шунингдек, айни пайтда фуқароликни расмийлаштириш масаласини такомиллаштириш мақсадида жаҳон тажрибасига мувофиқ яратилган ИД-карталар ва уларни шакллантиришнинг дастурий-техник платформасидан самарали фойдаланилмоқда.

Ҳозирги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасига, аниқроғи, профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Смарт маҳалла» мобил ахборот тизими яратилганини ана шу эътибор натижаси дея баҳолаш мумкин. Ушбу ахборот тизими секторларга масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, профилактика инспекторларининг аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотини йўлга қўйиш, шунингдек, профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш имконини беради.

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида синов тариқасида жорий этилган «Смарт маҳалла» мобил ахборот тизимини жорий йил якунига қадар республикамизнинг барча ҳудудларида амалга татбиқ этиш кўзда тутилган.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга мўлжалланган «Э-ҳуқуқ-тартибот» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш бўйича ташкилий-техник тадбирлар ҳам олиб борилмоқда. Ушбу комплекс кенг қамровли бўлиб, ўз навбатида, «Э-Инспектор», «Э-Ҳисобот» ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари фаолиятини баҳолаш тизимларини ўз ичига олиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳар доим долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Айниқса, автотранспорт воситалари сони ва оқими ошиб бораётган ҳозирги вақтда соҳага замонавий рақамли ва ахборот технологияларини жорий этиш мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилиши билан эътиборга молик, албатта.

«Смарт маҳалла» мобил ахборот тизими фойдаланувчиси «Ҳудуд гео-харитаси» менюси орқали йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги маълумотларни ҳудудлар кесимида, давр оралиғида кузатиш имконига эга.


Ҳозирга қадар йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видеофиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими инвестицион лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида мобил ва қўзғалмас комплекслар жорий қилинди. Айни пайтда мазкур йўналишда қўшимча равишда ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда, турли хил қоидабузарликлар, айниқса, тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камайиши, жиноятларнинг «иссиқ изида» фош этилиши самарадорлиги ошишига имкон яратади. Шунингдек, йўлларда автотранспорт оқимини тўлиқ мониторинг ва таҳлил қилишга эришилади.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги фаолиятида фойдаланилаётган, жорий қилиниши режалаштирилаётган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ягона платформада бирлаштириш мақсадида муайян амалий ишлар олиб борилмоқда. Яъни, «Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими»ни яратиш учун саъй-ҳаракатлар бошланган.

Шу билан бир қаторда, «Э-Кадр», «Э-Мед», «Э-Архив», пробация хизматининг марказлашган электрон базаси, шахснинг геномига оид маълумотлар, профилактик ҳисоб, лицензиялаш фаолияти, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар каби 10 дан ортиқ ахборот тизимлари яратилиши ва ички ишлар органлари фаолиятини янгича ёндашувлар асосида рақамлаштириш режалаштирилган.

Келгусида тизимга илғор ахборот технологияларини изчил жорий этиш бўйича қатор йирик лойиҳаларни бажариш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар юқорида таъкидланган тизимлар учун фундамент ҳисобланади. Улар ёрдамида ички ишлар органлари локал ва ҳимояланган корпоратив тармоқ инфраструктураси босқичма-босқич тубдан такомиллаштирилади. Маълумотларни қайта ишлаш маркази яратилиб, ишга туширилади. Соҳа фаолиятига ягона электрон ҳужжат алмашинуви тизими жорий қилинади. Бу, ўз навбатида, фуқароларга самарали интерактив давлат хизматларини тақдим этиш, ижро интизомини назорат қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш каби ҳозирги кундаги энг долзарб масалаларни ҳал этишга хизмат қилади.

Энг муҳим жиҳати шундаки, сўнгги уч йил ичида ички ишлар органларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида малакали мутахассислар сони сезиларли даражада ортди. Муҳандислик тадқиқот ишларини амалга ошириш, маълумотлар узатиш тармоқларини жорий қилиш, ҳаттоки дастурий таъминотларнинг ишлаб чиқилиши ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, ходимлар томонидан амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда, хизмат фаолиятини автоматлаштириш, рақамлаштириш ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда тезкорликни ошириш, фаолиятда инсон омилини камайтириш масалаларида кутилган самарани беради.

Умиджон АДИЗОВ,

ИИВ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси бўлинма бошлиғи,

катта лейтенант.