Қарор билан ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида ишлашини таъминлаш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари ва бутун юртимизда қонун устуворлиги, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, «Инсон қадри учун» тамойилининг ҳаётда тўлиқ ўз аксини топиш мақсадини кўзлайди.
Мазкур ҳужжатда ушбу мақсадни рўёбга чиқариш механизмлари ҳам назарда тутилган бўлиб, улар ички ишлар органлари ходимларида хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндашиш, жамиятда умумеътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз амал қилиш туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Унга мувофиқ, Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланиб, унинг қоида ва талаблари ҳаётга татбиқ этилди.
Кодекснинг қабул қилиниши натижасида, биринчидан, тизим ходимларининг касбий маданияти, хизмат интизомини белгиловчи бир қатор тарқоқ идоравий ҳужжатлар ягона тизимга келтирилди. Иккинчидан, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат раҳбари қарори билан кодекс сифатида тасдиқланиши ундаги қоида ва талабларга бирдек амал қилинишини таъминлашга ҳамда уларнинг юридик аҳамияти ва даражаси ошишига хизмат қилди. Учинчидан, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ўташдаги масъулияти бир поғонага ўсиши учун шароит яратди.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари тизимида хизмат ўташ тартиби билан боғлиқ бир қатор кўрсатма ва талабларни ўзида ифода этиб, мазкур қоида ва талабларни билиш, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиш ҳар бир ходим учун мажбурий ҳисобланади. Муҳим жиҳати, Кодексда белгиланган қоида ва талабларга амал қилиш ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезони саналади. Яъни, ундаги қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади. Шунингдек, унда ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш бўйича номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратиш белгиланди.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати, маънавий-маърифий ишларни «таълим муассасасидан — хизматнинг охирига қадар» тамойили асосида тизимли ва узлуксиз ташкил этиш орқали уларнинг самарадорлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш, тизимда истиқболли ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришнинг янги тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Инсон омилини истисно этиш ҳамда коррупсия ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини замон талабларига мос равишда тўлиқ рақамлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилган.
Маълумки, янгиланаётган мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Бинобарин, маънавий-маърифий муҳитни янада яхшилаш, минг йиллар мобайнида унинг бағрида сайқалланиб келаётган ибратли анъана ва қадриятларни тарғиб этиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида ҳам маънавий-маърифий ишларни сифат жиҳатдан янги поғоналарга кўтариш, ходимларнинг билим савиясини янада юксалтириш, маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи ходимларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш консепсияси» муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» деб белгиланган консептуал ғоя ички ишлар органлари ходимларининг хизмат бурчини бажариш борасида қатъий ҳаётий эътиқодни қарор топтириш, уларнинг Ватан ва халқ тақдирига, давлатимиз ҳамда ислоҳотлар талабларига дахлдорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишига асосан, ички ишлар органларида «Маънавият ойлиги», «Интизом ойлиги», «Ватанпарварлик ойлиги»нинг мунтазам ўтказилиши яхши анъанага айланиб улгурди.
Бугунги кунда жамиятда китобнинг маънавий ҳамда ахлоқий озиқ, маданият ва тил равнақи учун асосий манба, авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган интеллектуал мерос сифатида мавқейи ҳамда аҳамиятини сақлаш ва ҳатто тиклашга эҳтиёж сезиляпти. Хусусан, ички ишлар органларида китоб ярмаркалари, «Зукко китобхон» танловларининг ўтказилиши ходимлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш, уларнинг китобга бўлган қизиқишини рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ички ишлар ходимларига қўйиладиган асосий талаблар қаторида муомала маданиятига риоя этиш, мурожаат қилган шахсни эътибор билан тинглаш, қўполлик ва лоқайдликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, ҳолатга холисона ва виждонан ёндашиш орқали шахсий намуна кўрсатишлари ҳам белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, асосий мақсад – ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш, тизимда ўз келажагига янгича қарайдиган, Ватанга ва хизмат бурчига садоқат руҳида тарбияланаётган, эл-юрт хизматига шай, юраги ёниб, кўзларидан ўт чақнаб турган ташаббускор ва фидойи кадрларни тайёрлашдир.
