Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамид Тошпўлатов иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Санъаткор мамлакатимизда санъатга берилаётган эътибор соҳа ходимларига туганмас илҳом бахш этаётгани, айни пайтда улар зиммасига улкан масъулият юклаётганини таъкидлади. У санъат соҳасига кириб келиши ва бу борада эришган ютуқлари ҳақида сўзлар экан, бугунги кунда юртимизда ёш истеъдод соҳибларига яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини изоҳлаб берди. Шунингдек, у санъатнинг жамиятдаги ўрни, ёшларни тўғри йўлга етаклашдаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, ижодкор билан эркин мулоқотда бўлишди. Учрашув сўнгида санъаткорга эсдалик совғалари топширилди. Бошқарма раҳбарияти бундай маънавий-маърифий тадбирлар ходимлар қалбида Ватанга садоқат, халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашини таъкидладилар.