Бугунги кунда истеъдодли ёшларимизни қўллаб - қувватлаш ва уларни рағбатлантиришга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида айниқса санъат ва маданият соҳаларида ўзларининг қобилиятларини намоён қилаётган ёшларимиз сафи кундан кунга кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хоразм академик лицейида илмга чанқоқ ёшлар билан бир қаторда серқирра ижодкор ёшлар ҳам таҳсил олмоқда. Академик лицейнинг 1- босқич ўқувчиси Скарлет Ишниязова ҳам тасвирий санъат йўналишининг турли жанрларида мўйқалам тебратиб келаётган иқтидорли ёшлардан ҳисобланади. Унинг биринчи шахсий расмлар кўргазмаси академик лицей фаесида ота-оналар, устозлари ва у билан тенгдош ўқувчилар эътиборига намойиш этилди. Ёш ижодкор Скарлет Ишниязова турли мавзуларга мурожаат қилган. Жумладан кўз илғамас табиат мўжизалари, жонли ҳайвонот олами-ю, тарихий шахслар ва юртимизнинг бетакрор меъморий обидаларини моҳирона тасвирлаган.
Ушбу расмлар галереяси ўқувчиларга маънавий ҳордиқ ҳамда эстетик завқ улашиш билан бирга барчада катта таассурот қолдирди. Айниқса, унинг илк профессионал ижодий ишларидан бири бўлган онасининг портрети кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Кўргазма сўнгида Скарлет ушбу портретни меҳмонлар гувоҳлигида онасига совға қилганлиги нафақат томошабинлар балки онасининг қалбини ҳам қувончга тўлдирди. Ёш ижодкор Скарлет Ишниязованинг ижодий фаолиятига улкан парвозлар тилаймиз!
Элёрбек МАТЁҚУБОВ,
ИИВ Хоразм академик лицей директори
ўринбосари.
