Республикамизда олима хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишларини амалиётга татбиқ этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Андижон давлат чет тиллари институтида ташкил этилган республика илмий-амалий конференсияси ҳам бунга мисолдир. “Аёллар ҳаётида жамият ва илм-фан интеграцияси” мавзусида ўтказилган мазкур анжуман Халқаро фан соҳасидаги олима аёллар ва қизлар кунига бағишланиб, илм аҳли, тадқиқотчилар ҳамда турли соҳалар вакилларини бир майдонга жамлади.
Анжуманда Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ва шу билан бирга илмий фаолият билан шуғулланаётган ходималар ҳам иштирок этди. Уларнинг маърузаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти, жамият хавфсизлиги, маънавий тарбия, аёллар ҳуқуқлари каби долзарб мавзулар илмий таҳлил қилинди. Масъулиятли хизмат, оила ташвишлари ва кундалик вазифаларга қарамай изланиш олиб бораётган бундай опа-сингилларимиз нафақат касбдошлари, балки ёш авлод учун ҳам ибрат намунаси бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
— Бугун ички ишлар идораларида изланувчан, илмга қизиқувчан аёллар сафининг кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол, — дейди вилоят ИИБ Экспертиза-криминалистика марказининг катта эксперти, катта лейтенант Дилбархон Умарова. — Жумладан, ўзим ҳам хизмат фаолиятимга доир янги илмий изланишлар устида ишлаяпман. Бу жараёнда соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилган устозларимизнинг тажриба мактаби мен учун муҳим таянч бўлмоқда. Улардан олган маслаҳат ва кўрсатмалар тадқиқотларимни пухта ва амалий аҳамиятли қилишга ёрдам беряпти.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, бундай илмий мулоқотлар хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш, уларни янги тадқиқотларга руҳлантириш ҳамда илм-фан билан амалиёт ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Бу эса ўз навбатида жамият тараққиётида билимли, ташаббускор ва фаол аёллар қатламининг янада кенгайишига хизмат қилади.
Саминжон ҲУСАНЗОДА,
ўз мухбиримиз. Андижон вилояти
