Каттақўрғон шаҳрининг учинчи сектор ҳудудида байрам арафасида бир қатор обектлар қурилиб фойдаланишга топширилди, дея хабар қилади Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Юртимиздазда байрамлар, муҳим саналар билан боғлиқ қутлуғ айёмлар арафасида янгидан қурилган иншоотларни ишга тушириш анъанага айланган. Кейинги бир ярим йил ичидаги Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилган кенг кўламдаги ўзгаришлар, ривожланишларни барча каттақўрғонликлар кўриб, дилдан ҳис қилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чиқарилган қарори асосида улкан бунёдкорлик, қурилиш-таъмирлаш ишларининг олиб борилаётгани жуда катта муваффақият, албатта. Ушбу ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, қурилиб фойдаланишга топширилаётган обектлар шаҳр аҳлига Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб совға бўлади.

Хусусан, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирокида Ингичка шаҳарчасидаги 15-умумтаълим мактаби, Ислом Шоир маҳалласи фойдаланишга топширилди.  

15-умумтаълим мактаби учинчи секторга қарашли Каттақўрғон шаҳридан 30 км узоқликдаги Ингичка шаҳарчасида жойлашган. Мактаб 910 ўринга мўлжалланган. Инвестиция дастури асосида муассаса тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Таъмирлаш ишлари давомида ўқув хоналари, спорт зали, кутубхона, ўқитувчилар хоналарида барча шарт-шароитлар яратилди.  

Байрам муносабати билан фойдаланишга топширилаётган яна бир иншоот 3-секторга қарашли Ингичка шаҳарчасида жойлашган Ислом Шоир маҳалласи ҳам бугун барча қулайликларга эга бўлган масканга айланди.

Айни пайтда маҳаллада 2721 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу вақтга қадар маҳалла ходимлари 1975-йилда ҳашар йўли билан қурилган эски бинода фаолият юритар эди. Замон талаблари даражасида барпо этилган, керакли жиҳозлар билан таъминланган маскан маҳалла ходимлари иш фаолиятларини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 Гулноза ТУРҒУНБОЕВА, 

«Постда» мухбири.

Самарқанд вилояти.