Спорт билан шуғулланиш бош мия фаолиятига ижобий таъсир қилади. Фаол ҳаёт тарзи олиб борадиган одамларда бош мия касалликлари нисбатан кам учрайди. Чунки жисмоний машқлар организмда қон айланишини яхшилайди.
Билим олиш бош мия учун фойдали. Ўқимишли кишилар камдан-кам ҳолларда бош мия билан боғлиқ касалликларга учрайди. Мияни мураккаб вазифаларни ечиш учун зўриқтириб, шу орқали уни қўшимча тўқималар ишлаб чиқишга кўниктирамиз.
Қанча кўп сув ичсак, бош мия шунчалик яхши ишлайди. Инсон танасининг 80 фоизини сув ташкил қилади. Нафақат мия, балки бутун организмнинг тўғри ишлаши учун етарли миқдорда тоза сув қабул қилиш муҳимдир.
Мия чарчамайди. Ҳар куни инсон хаёлига 70 мингга яқин фикр келади. Ақлий меҳнат мияни чарчатишга қодир эмас. Муаммони ҳал қилиш борасида қанча узоқ ўйламанг, мия исталган паллада бир хилда ишлайди. Биз шунчаки ўз ҳиссий ҳолатимизни мия чарчоғи билан аралаштириб юборамиз.
Мия ҳарорати уйқу давомийлигига боғлиқ. Уйқу етишмаслиги оқибатида унинг ҳарорати кўтарилади. Эснаш тананинг ҳимоя функсияси бўлиб, одам эснаганда бош мияни совитиш жараёни амалга оширилади.
Мия оғриқ сезмайди. Унда оғриқ ресепторлари мавжуд эмас. Бош мия билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини ҳатто наркоз таъсирисиз ҳам амалга ошириш мумкин. Бунга шунчаки беморнинг хавфсизлиги учун йўл қўйиб бўлмайди.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
