Айни ҳамма ишдан, ўқишдан қайтаётган тиғиз пайт эди. Метронинг «Беруний» бекатидан чиқиб, Ибн Сино мавзесига бориш учун автобус кутиб тургандим. Автомашиналарнинг кети узилмасди. Бир қиз ер ости йўлаги туриб, кўчанинг нариги тарафига ҳаракат қатнов қисмидан ўтишга чоғланди. ЙПХ инспектори уни тўхтатиб, танбеҳ берди. Қиз эса нарироққа кетиб, барибир серқатнов кўчани кесиб ўтди.
Қиз серқатнов йўлнинг нариги бетига ўтиб олгунича, неча марта ҳайдовчиларнинг тормоз босгани, сигнал бергани эшитилди. Уларнинг ёшроғи қизни сўкиб, кексароғи қарғагани аниқ. Фақат сўкиниш-у қарғишлар машиналар шовқинида эшитилмади.
Мабодо, шу топда қизга дашном берсангиз, қаёққадир шошиб турганини баҳона қилиши тайин. Энди айтингчи, кечки пайт ишдан, ўқишдан қайтаётганларнинг қай бири уйига томон ошиқмайди? Умуман, бу тезкор замонда шошилмайдиган одамнинг ўзи бормикан? Фақат, барака топкурлар, хоҳ машинада бўлсин, хоҳ пиёда йўлларда ҳаракатланаётган пайти шошманглар. Ўзингизни ўйламасангиз ҳам, ўзгаларнинг соғлиғини, ҳаётини хатарга қўйманг.
Афсуски, ана шундай вазиятларда қоидабузар пиёдани уриб юборса, кўпинча ҳайдовчи айбдор ҳисобланади. Менимча, бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун ер ости йўлаги ёки пиёдалар ўтиш жойи туриб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтувчи пиёдаларни юзхотир қилиб ўтирмай маъмурий жавобгарликка тортиш керак.
Тўғри, ҳайдовчилар орасида ҳам шошқалоқлар учраб туради. Улар лип этиб ёнида ҳаракатланиб бораётган машинанинг олдига чиқиб олади. Бунинг учун аввал анча илгарилаб кетиш, кейин орқа ён чироқни ёқиш кераклигини хаёлига ҳам келтирмайди.
Шошқалоқ ҳайдовчиларнинг яна бир тоифаси орқага бурилиш жойларида ёки иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга чиқишда ҳаракатланиш бўлаги (поласаси)нинг нақ ярмини эгаллаб олади. Айримлари бошқа машина катта тезликда келаётганига қарамай зип этиб бурилиб олади. Қарабсизки, авария вазиятини юзага келтиради.
Хулоса шуки, яхшилик қилишга, хатоингизни тузатишга шошилинг. Лекин йўловчи, пиёда, айниқса, ҳайдовчи сифатида шошилманг. Кексалар айтмоқчи, тез борган жойга секинроқ ҳам борасиз. Беш дақиқа олдинмас, беш дақиқа кейин. Юзда юрманг, юзга киринг. Йўлингиз бехатар, умрингиз зиёда бўлсин.
Бобомурод ТОШЕВ,
ўз мухбиримиз.
